Мавзу юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Ориф Бозоров ва Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази” ДУК раҳбари Соҳибжон Муродовлар билан суҳбатлашдик.

– Аввало умумий маълумотлар берсангиз, масалан сўнгги бир йилда нечта мулк савдога қўйилди ва уларнинг неча фоизи реализация қилинди?

Ориф Бозоров: – Суҳбатимиз бошида шуни таъкидлаб ўтмоқчиманки онлайн аукцион савдоларига чиқариладиган мол-мулкларни шартли равишда икки тоифага бўлиш мумкин. Биринчи тоифа бу қарздорликни қоплаш учун гаров таъминоти бўлган мол-мулклардир. Бу турдаги мол-мулкларни қарздорликни қоплаш эвасига сотиш суднинг ижро ҳужжатида белгилаб қўйилган бўлади ва мол-мулкнинг нархи ҳам аниқ бўлади. Яъни гаровга қўювчи билан гаровга олувчи ўртасида гаров шартномаси расмийлаштирилганда мол-мулкнинг нархи ҳам келишиб олинган бўлади. Иккинчи тоифа эса бу ижро иши юзасидан мажбурий ижро ҳаракатлари давомида аниқланиб, хатланган мол-мулклардир. Бу тоифадаги мол-мулклар давлат ижрочиси томонидан нархлатилиб, аукцион савдоларига қўйилади.

Энди рақамларга тўхталадиган бўлсак, 2021 йилнинг ўтган даврида Бюронинг Тошкент шаҳар бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан жами 970 дона 2,4 триллион сўмлик мол-мулклар аукцион савдоларига чиқарилган, булардан 286 дона 201.5 миллиард сўмлик ёки 8,4 фоизи бугунги кунга қадар сотилган.

Соҳибжон Муродов: – “E-AUKSION” электрон савдо платформаси 2017 йилда бир йўналишда фаолият бошлаган бўлса, тизимга ишончнинг ортиб бориши ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.07.2021 йилдаги ПҚ-5197-сонли ва бошқа қарорлари қабул қилингач 19 та йўналишга, келгуси йил бошидан 25 та йўналишдаги электрон савдо турига етади.

Соҳибжон Муродов. Фото: ДУК

Дастлабки йилда йиллик савдо ҳажми 42 млрд сўмни ташкил этган бўлса, харидорлар фаоллиги ва тизимга бўлган қизиқишининг ортиши натижасида 2021 йил 11 ойида савдо ҳажми 2,3 трлн сўмдан ошди. Биргина охирги уч ойда платформа орқали 1 трлн сўмдан ортиқ мулклар сотилди ва ижарага берилди.

Онлайн аукцион савдоларида 2017 йилда 2800 та иштирокчи қатнашган бўлса, 2021 йилда иштирокчилар сони 100 мингдан ортди.

Айни пайтда платформада 40 мингдан ортиқ мулклар савдода турибди. Исталган шахс платформадан рўйхатдан ўтиб 400 дан ортиқ давлат активлари, 1,7 мингдан ортиқ кўчмас мулклар, 860 дан ортиқ автомототранспорт воситалари, 34 мингга яқин ер участкалари ва бошқа мулкларни сотиб олиши мумкин.