Самарқанддаги халқ тилида «Хаваси» деб аталувчи шифохона Қорасув мавзесига кўчирилгач, унинг ўрнига вилоят кўп тармоқли шифохонаси кўчиб боради. Вилоятда хусусий тиббиёт муассасалари сони 60тага ошиб, 612тага етган. Бу ҳақда оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ўтказилган матбуот анжуманида Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Давронбек Жуманиёзов маълум қилди.

Бошқарма бошлиғининг сўзларига кўра, 2015-2016 йилларда тиббиёт муассасалари сони қисқартирилганда ёпилган 11-оилавий поликлиника фаолияти қайта тикланган ва Самарқанд шаҳрида поликлиникалар сони 12тага етган.

«Лекин бу шаҳар аҳолиси учун етарли эмас. 1та оилавий поликлиника 30–35 минг аҳолини қамраб олиши белгилангани ҳолда, масалан, шаҳардаги 2-оилавий поликлиника 80 минг аҳолига хизмат кўрсатмоқда.

Бу ҳол оилавий поликлиникалар сонини оширишни тақозо этади. 2026 йилгача Самарқанд шаҳрида яна 4 та янги оилавий поликлиника қуриб фойдаланишга топширилади ва уларнинг сони 16 тага етказилади», — деди бошқарма бошлиғи.

Вилоятда бирламчи тиббий-санитария ёрдами фаолиятини такомиллаштириш мақсадида 6 та оилавий шифокорлик пункти ва 5 та оилавий поликлиника очилган. Тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 43 та оилавий поликлиника 5,1 млрд сўмлик ЭКГ ва УТТ аппаратлари билан жиҳозланди.

Айни пайтда вилоятда патронажлик тизимидан воз кечилган. Уларнинг ўрнига вилоятдаги 1105 та маҳаллага тиббий бригадалар бириктирилган, «маҳаллабай» ишлаш тизими жорий қилинган.

«Аҳоли тўрт тоифага бўлинган: соғломлар, соғлом турмуш тарзига амал қилмайдиганлар, беморлар ва ётиб қолган ҳамда доимий парваришга муҳтож ногиронлар ва оғир беморлар. Сўнггилари аҳолининг 30–33 фоизини ташкил қилади. Тиббий бригадалар касаллар ва ёрдамга муҳтожлар ҳолидан мунтазам хабар олиб, касалликка учрамаган соғлом инсонлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш билан шуғулланишади», — деди Д.Жуманиёзов.

Вилоятда чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўрнига мақсадли скрининг усулидан фойдаланилмоқда. Онкология, эндокринология ва кардиология касалликларини аниқлаш учун колпоском, УТТ ва бошқа ускуналар билан жиҳозланган 3 та автобус — мобил поликлиника фаолияти йўлга қўйилди.

Вилоятда онкологик, травматологик касалликларни даволаш борасида ҳам қатор янгиланишлар амалга оширилди. Онкологик касалликларни даволашга мўлжалланган вилоят шифохонасида 20 йилдан бери нур терапияси ускунаси ишламас эди. Айни пайтда 2 миллион еврога 2 та ички ва ташқи нур терапияси аппарати келтириб ўрнатилган.