20 октябрь куни АҚШ президенти Дональд Трамп Қўшма Штатлар ўрта ва қисқа масофаларга учувчи ракеталарни йўқ қилиш тўғрисидаги шартномадан чиқишини маълум қилди. Бу Россия ва Европада кескин фикрлар уйғотди. Мазкур шартномада нималар кўзда тутилган ва унинг Россия-АҚШ муносабатларида тутган ўрни қандай?

Қуролланиш пойгаси

1970-йиллар ўрталарида дастлаб АҚШда, сўнгра СССРда ракеталарни нишонга йўналтиришнинг лазерли, инфрақизил ва телевизион бошқарувли тизимлари яратилди. Бу ракеталарнинг нишонга аниқ тегиши имконини берди (30 метргача аниқликда). Экспертлар ядровий зарбанинг янги тури – рақиб томон жавоб зарбаси бергунига қадар уни йўқ қилиб ташлайдиган қурол ҳақида гапира бошлашди.

1973 йил 17 августда АҚШ мудофаа вазири Жеймс Шлезингер йўқ қилувчи зарба концепциясини АҚШ ядровий сиёсатининг асоси деб эълон қилди. Бунда ўрта ва яқин масофа воситаларига устуворлик берилди.

АҚШ доктринасини амалга ошириш мақсадида Ғарбий Европада жойлаштирилган олд база тизимларини модификация қилишга киришилди. Ушбу лойиҳа доирасида сувости қайиқлари ва ўрта масофага мўлжалланган ракеталарни модификация қилиш бўйича Америка-Британия ҳамкорлиги кучайди. 1974 йилда Буюк Британия ва Франция умумий мудофаа тизими, жумладан ядровий соҳани ривожлантиришга қаратилган Оттава декларациясини имзолади.

Бу ҳаракатлар СССРни ташвишга солди. 1976 йилда АҚШга нисбатан кескин жавоб қайтаришга мойил Д. Устинов СССР мудофаа вазири этиб тайинланди. 1977 йили СССР эскирган РСД-4 ва РСД-5 мажмуаларини модификация қилиш баҳонасида ғарбий чегараларда ўрта масофага мўлжалланган РСД-10 «Пионер» ракеталарини жойлаштиришга киришди. Ҳар бири учтадан жанговар блокка эга бўлган жами 300га яқин ракета жойлаштирилди. Бу СССРга НАТОнинг Ғарбий Европадаги инфратузилмасини – бошқарув марказлари, қўмондонлик пунктлари ва портларини саноқли дақиқаларда йўқ қилиб ташлаш имконини берарди.  

Бунга жавобан НАТО кенгаши 1979 йил 12 декабрда 1983 йилгача Европада 572та Першинг-2 ракетасини жойлаштириш ҳақида қарор қабул қилди. Першинг-2 ракеталарининг парвоз вақти камлиги (6-8 дақиқа) АҚШга советларга қарши биринчи бўлиб зарба бериш имкониятини яратарди. Шу билан бирга, НАТО давлатлари 1983 йилгача совет ракеталари муаммосини ҳал қилиш учун музокаралар бошлашга келишиб олишди.

Музокаралар

Жимми Картер маъмурияти Европада «евроракеталар» жойлаштириш борасида иккиланарди. 1980 йил октябрда Европада ядровий қуролларни чеклаш борасида музокаралар бошланди. Аммо ўша йилнинг ноябрида АҚШдаги президент сайловларида республикачи Рональд Рейган ғалаба қозонди. 1981 йилда унинг маъмурияти «нолли вариант»ни таклиф қилди — АҚШ Европада ўрта ва кичик масофага мўлжалланган ва қанотли ракеталарни жойлаштирмайди, СССР эса ўзининг РСД-10 «Пионер» ракеталарини йўқ қилади. Бироқ СССР бу таклифни рад этди. Чунки биринчидан, Европада Америка ракеталари йўқ эди ва совет раҳбарияти «Пионер»ларни йўқ қилишни «йўқ нарса»га алмашиш деб баҳолади. Иккинчидан, бу таклифда СССРГа хавф соладиган Буюк Британия ва Франциядаги ракеталар ҳисобга олинмаганди. Рейганнинг таклифига жавобан Л. Брежнев «мутлақ ноль» дастурини таклиф қилди. Унга кўра, РСД-10 йўқ қилинишига АҚШ «Першинг-2»ни жойлаштирмаслик ҳамда Европадан тактик ядровий қуролини олиб чиқиб кетиш, олд база тизимини йўқотиш ва Британия ва Франциядаги ракеталарни йўқ қилиш билан жавоб қайтариши лозим эди. АҚШ бу таклифни қабул қилмади.