Қайд этилишича, ҳар йили “20 август – Тадбиркорлар куни” доирасида Ўзбекистон президентининг тадбиркорлар билан “Очиқ мулоқот” тадбирини ўтказиш мўлжалланмоқда.
Бунда, “Очиқ мулоқот” давомида билдирилган таклифларни амалга ошириш юзасидан “Йўл харитаси” тасдиқланади, ҳар бир ҳудуд бўйича аниқ режалар ва эришиладиган мақсадли кўрсаткичлар белгилаб олинади, янги ташаббусларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, тадбиркорларнинг фикр-мулоҳазалари оммавий ахборот воситаларида ёритилади.
Ҳудудларда янги саноат зоналарини ташкил этиш ҳам кўзда тутилган. Бунда, республика бўйича қўшимча 200 та саноат зоналари ташкил этилади.
Хусусан, саноат зоналарининг ҳар бирига камида 15 та корхона жойлаштирилади, электр, табиий газ, сув тармоқлари ва йўл инфратузилмаси етказиб бериш тўлиқ давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади (бунинг учун 2022 йилда 1,5 трлн сўм ажратилади).
Илғор хорижий тажриба асосида факторинг амалиёти ривожлантирилади. Факторинг бозорини ривожлантириш бўйича етакчи тажрибага эга халқаро молия институтларини жалб қилган ҳолда факторинг бозорини ривожлантириш борасида банклар, нобанк кредит ташкилотлари ва уларнинг мижозлари фаолиятида мавжуд муаммо ва тўсиқлар ўрганилади, банклар ва микрокредит ташкилотлари томонидан факторинг хизматлари кўлами кенгайтирилади, факторинг бозорини ривожлантириш ва электрон факторингни жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.















