Қашқадарё вилояти ҳокими томонидан Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларига чигит олиб чиқишга тақиқ қўйилган. Бу ҳақда Каттақўрғон шаҳар ҳокими, сенатор Гавҳар Алимова маълум қилмоқда.
Бугун, 2021 йил 3 январ куни Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати сенатор Гавҳар Алимованинг мақоласини эълон қилди. Унда сенатор Каттақўрғон шаҳрида жойлашган ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона Қашқадарёдан сотиб олган чигитни вилоят ҳудудидан олиб чиқолмаганини маълум қилган.
Мақолада ёзилишича, 2021 йил 28 декабрь куни Каттақўрғон шаҳрида жойлашган “Marokand gold oil extraksiya” МЧЖ раҳбари С.Рўзиев шаҳар ҳокимиятига келиб, Республика товар ва хомашё биржасидан очиқ савдолар асосида сотиб олинган 100 тонна чигит маҳсулоти Қашқадарёдан Самарқандга кириш чегарасида ЙПХ ходимлари томонидан Қашқадарё вилоят ҳокими биринчи ўринбосари Нодир Эркаевнинг топшириғи асосида ушлаб турилганини айтган.
Шундан сўнг сенатор Нодир Эркаев билан телефон орқали боғланган. Нодир Эркаев чигитларни фақат вилоят ҳокими рухсат берса қўйворишини, акс ҳолда бунинг иложи йўқлигини айтган.
“Шундан сўнг вилоят ҳокими Муратжон Бердиалиевичнинг телефон рақамини қийинчилик билан топиб вазиятни тушунтирдим ва чигитни қўйиб юборишини илтимос қилдим. Вилоятнинг янги ҳокими эса “... масалани ўрганиб чиқиб маълум қиламан”, деди. Мен умид билан барча тегишли ҳужжатларни ҳокимнинг телеграмига ташлаб бердим. Жавоб бўлмагандан сўнг телеграмига ва қўл телефонига SMS’лар ёздим, афсуски ҳеч қандай жавоб олишнинг иложи бўлмади”, деб ёзади Гавҳар Алимова.
Унинг таъкидлашича, орадан 3 кун ўтиб 2 январь куни Қашқадарёдан тадбиркорга телефон бўлган ва Фарҳод ва Жаҳонгир деб ўзини таништирган ЙПХ ходимлари чегарадан юк ортилган машиналарини олиб кетишини сўрашган. Аммо орадан бироз ўтиб чигит ортилган машиналарни яна қўйиб юборишмаган. Буни вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Нодир Эркаев рухсат бермагани билан изоҳлашган.
“Шундан сўнг мен яна жаноб Нодир Худойбердиевичга қўнғироқ қилганимда “...ҳозиргина вилоят ҳокими билан гаплашдим, чигитни қўйиб юборишга ҳеч қандай рухсат йўқ” деб айтди. “Опажон, минг афсус, мен юк машиналарини қўйиб юбора олмайман”, деди. Мен 100 тонна чигитни олиб ўтиш учун 4 кун сарсон бўлдим. Ачинарлиси, мурожаатимга ва ёзган SMS’ларимга вилоят ҳокими “ҳа” ёки “йўқ” деб жавоб бериши шунчалик ҳам қийин бўлдими?! Янги йил байрами тадбиркорга, ҳайдовчиларга ва менга ҳам афсуски татимади. Ахир битта шаҳар ҳокими 100 тонна чигитни ўтказиш учун 4 кун безовта бўлишини қандай изоҳлаш мумкин? Мен шахсий манфаатим учун жон куйдираётганим йўқ-ку!.. Мен бу мурожаатимга умид билан жавоб кутаман”














