Буларни биз — ҳозирги саросимали давр фарзандлари, ёдгорликларга қараб бўлса-да англашга қодир эмасмиз балки. Бироқ ўзликни англаш воситаларини келажак авлодларимизга бутунлигича етказиш — зиммамиздаги қарз.

Самарқанд шаҳрида ҳозирда тарихий аҳамиятга эга бинолар 600дан ортиқ бўлса ҳам, кўз-кўз қиладиганимиз, фахрланадиганимиз бармоқ билан санарли. Обидалар мумкин қадар асраб-авайланаётгани таъкидлаб келинади, лекин олимларга кўра, ўша обидалар теварагидаги муҳит, тарихий манзара йўқолиб бормоқда.

Шарқона тарихий иншоот муҳити, фон вазифасидаги иморатлар мавзусига илк бора 90-йиллар охирларида дуч келганман. Ўшанда, мавзуни чуқурроқ ўрганиш мақсадида Самарқанд Давлат архитектура ва қурилиш институти профессори, тарихий меъморчилик билимдонларидан бири Адҳам Ўраловни излаб борганман.

Фото: Kun.uz Профессор Адҳам Ўралов.

Домла «фоновая застройка»ни тушунтириб, бу «фақат Марказий Осиёда эмас, балки бутун Ислом дунёси меъморчилиги ўзига хослигининг энг муҳим шарти — уйғунлик» деганди. Кейин содда қилиб, «масалан, мен энг бўйдор ва бақувват талабанинг салобатини таъкидлаш учун у билан ёнма ён озғинроқ ва пастроғини қўйишим керак. Тор кўча бўйлаб юриб боряпсиз, бир, бир ярим қаватли уйлар, бурилишлар, яна бораверасиз ва кутилмаганда маҳобатли, ёрқин ранглардаги улкан иморат пайдо бўлади. Айни бу бинолар мўлжал вазифасини ҳам бажарган, улкан иншоотнинг кенг майдон ўртасида қолдирилиши Шарқ меъморчилигига хос эмас», деганди.

Яқинда яна шу мавзу юзасидан Аҳдам Ўраловни йўқлаб бордим. «Хивада сақланган, Бухорода ҳам биздаги каби эмас, фақат Самарқандда тарихий муҳит йўқотилди, йўқотилиб борилмоқда», — деди олим.

Институтнинг лойиҳалаш кафедраси доценти, меъморчилик фанлари номзоди Ҳабибулло Қаюмов эса «Фақат айрим ёдгорликлар ёнида эмас, балки бутун эски шаҳар ҳудудида 2 қаватдан баланд уй қуриш мумкин эмас, гап бу ерда фақат қаватда ҳам эмас, ҳар бир бино тарихий муҳитга мувофиқ бўлиши зарур», деди. Сўнг, ҳар бир қурилиш лойиҳаси ёдгорликларни асраш ташкилоти, Маданият вазирлиги томонидан тасдиқланмасдан ижро этилмаслиги керак, деб таъкидлади.

Нодир меъморий обидаларимиз манзарасида 4 ёки 5, ҳатто 6 қаватли бинолар қурилишда давом этяпти, кўчалар кенгайтириляпти. Самарқанд қўриқланиши шарт бўлган учта алоҳида, айни вақтда бир-бирини тўлдирадиган қадимий шаҳарларга эга: Афросиёб археологик қўриқхонаси, Амир Темур даврида қад кўтарган, бугунда халқ орасида эски шаҳар, деб аталадиган шаҳар ва Коалиция даври шаҳри — янги шаҳар.