2 январь куни тонгда Қозоғистоннинг 100 минг одам яшайдиган Жанаўзен шаҳрида суюлтирилган газ нархи бирданига икки баравар кўтарилганидан норози бўлган одамлар намойишга чиқди. Эртасига эса намойиш бутун мамлакатга тарқалди. Манғистау вилояти маркази бўлган Жанаўзен биринчи марта халқаро хабарлар марказига тушаётгани йўқ. Жанаўзенни Қозоғистонда одамлар ҳукуматдан норозилигининг рамзи деб аташади.

Нефтчилар шаҳри

Жанаўзен янги шаҳар дейиш мумкин. Шаҳар 1964 йилда барпо этилган. 1968 йилдан 1993 йилгача шаҳарни «Янги Ўзан» деб аташган. Каспий денгизи бўйидаги Манғистау вилояти маркази бўлган Жанаўзен нефтчилар шаҳри ҳисобланади. Шаҳар гербида ҳам нефть минораси, ёниб турган газ ва кимёвий қайта ишлаш ҳудуди эканини англатувчи пробирка тасвирланган.

Жанаўзен шаҳри ва унга туташ шаҳарчаларда 150 минг одам яшайди. Ҳудудда учта йирик нефть қазиб олувчи завод бор, лекин аҳолисининг аксар қисми камбағалликда яшайди. Озиқ-овқат нархи қиммат, чунки деярли ҳамма нарсани бошқа ҳудудлардан олиб келишади. Шаҳарда ишсизлик даражаси юқори, уй-жой масаласи ҳам муаммоли.

Шаҳар аҳолисининг 98 фоизини қозоқлар ташкил этади. Иқлими кескин ўзгарувчан: ёзда 50 даража иссиқ бўлади, қиш ҳам аёзли келади. Маҳаллий аҳоли ўз ҳудудида жойлашган нефтни қазиб олувчи заводларда ишлаш учун бир неча йилдан буён хитойликлар билан рақобатлашишига тўғри келмоқда.

Шаҳардаги ижтимоий-сиёсий ҳолат Қозоғистоннинг бошқа тинч ҳудудларидан кескин фарқ қилади. Бу ҳудуд кўпчилик қозоғистонликларнинг фикрича, ҳукумат фуқароларга нисбатан адолат қилмаётганининг рамзига айланган. Собиқ иттифоқ вақтида ҳам, Назарбоев бошқарувидаги Қозоғистонда ҳам шундай бўлиб келган. Кўриниб турибдики, бундай муносабат Тўқаев келгач ҳам ўзгармаган.

Ижтимоий талаблар ортидан этник тўқнашувлар

1989 йил Жанаўзенда қозоқлар ва кавказликлар ўртасида тўқнашув содир бўлади. Ўша йили ҳудудда қозоқлар илк марта аҳолининг 50 фоизини ташкил этганди. Унгача қозоқлар озчилик бўлган. Кейинроқ ижтимоий ҳаётни, шаҳар инфратузилмасини яхшилашни талаб қилган одамлар норозилик намойишлари ташкил этади. Уларда 25-30 минг атрофида одам қатнашади. Бу ўша вақтда ҳудудда яшаган ёши катта аҳолининг деярли ярми эди.

Жанаўзендаги намойишларни бостириш учун СССР раҳбарияти «Витязь» махсус ҳарбий гуруҳини жалб қилади. Милиция ҳамда ҳарбийлар зирҳли техникалар, танк ва ҳарбий вертолётларда ҳаракатлана бошлайди. Тўқнашувлар оқибатида расман 16 киши ҳалок бўлгани, 100дан ортиқ одам яралангани айтилган. Шаҳарда бир ой давомида комендантлик соати жорий этилганди.