«Келаётган беморларнинг 90-95 фоизида ўпка зарарланиши кузатилмаяпти» — Зангиота шифохонаси директори
Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори Анвар Ҳусанов коронавируснинг янги тури олдинги дельта ва «британча» штаммларига нисбатан бироз енгил ўтаётганини маълум қилди.
ССВ матбуот хизмати хабарига кўра, айни пайтда муассасада коронавирусга чалинган 1300 нафардан зиёд бемор даволанмоқда. Сўнгги кунларда аҳоли орасида касалланиш ҳолатлари кўп кузатилаётгани боис, 5 январдан шифохонага мурожаат қилаётган беморлар сони ҳам кескин ошган.
«Ҳозирда муассасамизга ўртача кунига 300-400 нафар бемор мурожаат қилиб, шундан 200-300 нафари госпитализация қилиняпти. Ваҳоланки, январь ойининг тўртинчи санасига қадар кунига 65-70 та мурожаат бўлиб, шундан 70 фоиз бемор даволанишга ётқизилган», — дейди шифокор.
Таъкидланишича, бугунги кунда муассасага мурожаат қилаётганларнинг аксарияти енгил даражадаги беморларни ташкил қилмоқда. Уларда касаллик асосан, иситма, бўғимларда оғриқ, бош оғриғи, ҳолсизлик каби оддий респиратор белгилар билангина намоён бўляпти.
«Қолаверса, 5 январдан бошлаб шифохонага келаётган 90-95 фоиз беморда сатурациянинг пасайиши ва ўпканинг зарарланиши кузатилмаяпти. Вируснинг жиддий асоратлар билан кечиши нисбатан кам. Ўпкада зарарланиш деярли кузатилмаяпти», — дея қайд этади Анвар Ҳусанов.
Шунингдек, даволаниш муддати эса қисқариб, ўртача 5 кунни ташкил қилмоқда. Оғир аҳволдаги беморларни даволашда ишлатиладиган вирусга қарши «Ремдесивир» ва бошқа дори воситаларига бўлган эҳтиёж камайган.
«Натижада бугунги кунда 190 ўринга мўлжалланган жонлантириш бўлимида даволанаётган беморлар сони сезиларли даражада қисқарди. Ваҳоланки, дельта штамми авж олган ўтган йил ёз ойларида реанимацион бўлимларда беморлар сони анча кўп эди», — дейди у.
Шу сабабли Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори фуқароларни ортиқча саросимага берилмасликни, зарурат бўлмаганда юқумли касалликларни даволаш муассасаларига бормасликни, агар ўзларида касаллик белгиларини сезса, дарҳол оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларга, пойтахт аҳолиси эса Тошкент шаҳрининг 12 та туманида ташкил этилган махсус поликлиникаларга мурожаат қилишларини сўраган. Шунингдек, у бевосита коронавирусга чалинган беморларни даволаётган амалиётчи шифокор сифатида барчани касалликка қарши эмланишга, агар вакцина олган бўлса, бустер дозаларини олишга чақирган.
Мавзуга оид
14:18
Зангиотада 14 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланган иссиқхона аниқланди
10:20 / 30.10.2024
Зангиотада газдан ноқонуний фойдаланган шахслар ушланди
10:04 / 27.08.2024
Зангиотада ҳаракатланиб кетаётган Damas ёниб кетди
14:32 / 25.07.2024