Президент Шавкат Мирзиёев 19 январь куни Тошкент шаҳрида жамоат транспортини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди.
Расмий релизда қайд этилишича, жамоат транспорт тизими пойтахтдаги ўзгаришлардан орқада. 350 та автобуснинг фойдаланиш муддати 10 йилдан ошган, 393 та автобус етишмайди. Тирбандликлар оқибатида автобуслар орасидаги интервал тиғиз пайтда 30 дақиқагача етмоқда.
Оқибатда йўловчилар бу хизматдан норози бўлиб, шахсий транспортдан фойдаланишга ўтиб кетмоқда. Тошкент шаҳрида бу кўрсаткич 79 фоизни, жамоат транспортидан фойдаланиш даражаси эса бор-йўғи 21 фоизни ташкил этмоқда.
Шавкат Мирзиёев ўтган йили 19 октябрда Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашувда бу борада зарур чоралар кўрилишини айтган эди. Тақдимотда шу борадаги вазифалар муҳокама қилинди.

Аҳолининг жамоат транспортидан фойдаланиш даражасини ҳозиргидан 2 баробар ошириш Транспорт вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги олдида турган асосий вазифа сифатида белгиланди.
Бунда, тизимли ёндашув ва одамлар оғирини енгил қилиш мақсади устувор бўлиши, барча транспорт турлари – йўналишли, темир йўл транспорти ва метро линиялари, велосипед ва пиёдалар ҳаракатига мўлжалланган йўлларнинг узвий боғлиқлигини таъминлаш ва комплекс ривожлантириш зарурлиги таъкидланди.
Ҳудудлардан Тошкент шаҳрига келишдаги асосий йўлларда 10 та замонавий шоҳбекат, йўловчилар жуда кўп бўладиган 6 та метро бекати ёнида автотураргоҳлар барпо этиш бўйича топшириқ берилди.
Жорий йилда “Қўйлиқ–Қипчоқ” ерусти метроси қурилиши ҳам якунланади. Бунинг натижасида енгил автомобилдан фойдаланаётган 70 минг аҳоли учун жамоат транспортида юришга шароит яратилади.
Йўловчилар оқимининг келгуси 5 йиллик прогнозидан келиб чиқиб, жамоат транспорти тизимининг иқтисодий-математик моделини яратиш, Транспорт университети илмий салоҳиятини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Тошкент шаҳрида транспортлар сони йилига 15 фоиз ўсиб, кунига 800 минг автомобиль ҳаракатланмоқда. Йўллар пиёда ва велосипедда юриш учун қулай эмас. 500 дан ортиқ катта чорраҳа бўлиб, аксариятининг ўтказувчанлик даражаси паст. Буларнинг ҳамда ҳаракатланиш маданияти пастлиги оқибатида йўл-транспорт ҳодисалари кўп содир бўлмоқда.


















