Президент Шавкат Мирзиёев “Заковат” интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида” қарор имзолади.

Қарорга асосан, 2022/23 ўқув йилидан бошлаб интеллектуал ўйинларнинг республика босқичида ғолиб бўлган ўқувчи ёшлар ва талабалар учун йил давомида ҳар ойда бериладиган “Заковат” стипендияси жорий этилади.

2022 йилдан бошлаб, босқичма-босқич мактаблар, Президент таълим муассасалари, коллеж, лицей, техникум ва олийгоҳларда “Заковат” интеллектуал клублари фаолияти йўлга қўйилади. Ҳудудлардаги Ёшлар марказларида интеллектуал ўйинлар жамоалари учун алоҳида хоналар ташкил этилади.

Шу йилдан эътиборан ҳар йили талабалар ўртасида Интеллектуал олимпиада ташкил қилинади. Унда умумжамоа ҳисобида дастлабки 3та ўринни қўлга киритган ОТМга президент совғаси топширилади.

Интеллектуал ўйинларнинг республика босқичида ғолиб ва совриндор бўлган умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари ўқувчилари, ОТМ талабалари таълимнинг кейинги босқичига базавий тўлов-контракт асосида имтиҳонсиз қабул қилинади.

Таълим муассасаларидаги “Заковат” клубларининг координатори бўлган профессор-ўқитувчиларга меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 50 фоизи миқдорида бир марталик устама тўланади.

2022/23 ўқув йилидан бошлаб ҳар йили апрел ойида Интеллектуал ҳафталик ўтказилади.

Ёшларга мотивация бериш мақсадида машҳур олимлар, жумладан, Нобел мукофоти соҳиблари билан учрашувлар ташкил этиб борилади.

“Заковат” ва бошқа интеллектуал ўйинларининг ҳудудий ва республика босқичи ғолибларини ўз мутахассислиги бўйича кадрлар захирасига олиш ва раҳбарлик лавозимларига тайинлаш амалиёти йўлга қўйилади.