Воқеа Чилонзор тумани 3-даҳа, Чилонзор савдо маркази деб номланадиган ҳудудда, туман прокуратураси биносининг рўпарасида, катта йўл ёқасида рўй берган.
Яқиндагина Юнусобод тумани ва Андижон шаҳрида содир бўлган воқеалар, бу ҳолатларнинг резонанси ва жамоатчиликнинг кучли норозилиги ерларни сотаётган, қурилишга рухсат бераётган ҳокимликлар-у ерни сотиб олаётган инвесторларга огоҳлик қўнғироғи ўлароқ янграмаяпти, шекилли.
Kun.uz мухбири воқеани ўрганиш учун Чилонзорга йўл олди ва айтилган ҳудудда 4 метрли баланд тўсиқлар рўпарасидан чиқди.


Дастлаб ўраб олинган ҳудуд атрофидаги бизнес эгаларини тингладик. Улар тўсатдан бир куннинг ичида, ҳеч кимга тушунтириш бермасдан тўсиқ ўрнатиб ташлангани, бу ерда нималар бўлаётганини тушунмаётганларини айтишди.
Биз ҳолат бўйича Чилонзор тумани ҳокимлиги масъул вакили Сардор Мақсудов билан боғландик. Бизнинг сўровимизга лаббай дея воқеа жойига етиб келган масъул ҳолатдан хабардор эканини билдирди.
Тошкент шаҳар ҳокимининг 2020 йил 3 сентябрдаги қарорига кўра, Dream House Stroy компаниясига Чилонзор 3-даҳасидаги мазкур ердан 20 сотих ажратилган. Шу ерга туташ объектлар эгалари эса кўрсатилган 20 сотих эмас, 40 сотих ер ўраб олинганини маълум қилишди.


Биз инвестор билан боғланишга ҳаракат қилдик ва ўзини шу жойнинг эгаси ва инвестор деб таништирган Умар Ғаффоров камерага гапиришни истамагани ҳолда дарахтларни хатловдан ўтказиш учун Экология қўмитаси вакиллари ва бизга ўраб олинган ҳудуд дарвозасини очиб берди.
У ҳудудда бирорта дарахтга зарар етказмаслигини, кичик дарахтларни яқин атрофдаги бўш ерга кўчириб ўтказиб, парваришини назоратга олишини, катта дарахтларга зиён етказмаган ҳолда қурилиш қилишга ваъда берди. Инвесторнинг сўзларига кўра, бу ерда бизнес марказ ва меҳмонхона барпо этилади.






















