Ўтган йилда Ўзбекистон кўчмас мулк бозори сезиларли даражада фаоллашган. Бунга ипотека кредитлари ва арзон уй-жой дастурларининг кўпайиши натижасида аҳоли томонидан талабнинг ортиши, валюта курсининг нисбатан барқарорлашуви ўз таъсирини ўтказган.
2021 йилда олдинги йилга нисбатан 14,5 фоизга кўп олди-сотди операциялари амалга оширилган. Уй-жой олди-сотди шартномаларининг сезиларли ўсиши Наманган (42 фоиздан ортиқ), Бухоро (38 фоиз), Андижон (34 фоиз) ва Самарқанд (31 фоиздан ортиқ) вилоятларида кузатилган. Тошкент шаҳри (-0,7 фоиз) ва Тошкент вилоятида (+1 фоиз) тузилган шартномалар сони деярли ўзгаришсиз қолган. Бу ҳақда Марказий банк томонидан эълон қилинган 2021 йилнинг IV чораги якунлари бўйича кўчмас мулк бозори шарҳида келтириб ўтилган.
Нарх динамикаси
2021 йилнинг IV чорагида кўчмас мулк нархларининг янада жадал ўсиши кузатилган. Хусусан, ўтган йилнинг охирги уч ойида уй-жой нархлари республика бўйича 5,1 фоизга, Тошкент шаҳри бўйича эса 4,2 фоизга қимматлашган.
Уй-жой нархининг чораклик энг юқори ўсиши Бухоро (14,5 фоиз), Андижон (12,1 фоиз), Сирдарё (12,1 фоиз) ва Самарқанд (10,7 фоиз) вилоятларида қайд этилган.
2021 йил якунларига кўра, ҳудудлар кесимида уй-жой нархларининг энг баланд қиймати Тошкент шаҳри (1 кв метр учун 7 млн 952,3 минг сўм), Самарқанд (5 млн 745,1 минг сўм), Навоий (4 млн 356,1 минг сўм) ва Тошкент (4 млн 208,9 минг сўм) вилоятларида, энг паст нархлар эса Сирдарё (2 млн 715,7 минг сўм), Хоразм (2 млн 814,5 минг сўм) вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида (2 млн 879,9 минг сўм) қайд этилган.
Макроиқтисодий кўрсаткичларнинг уй-жой нархига таъсири
Мамлакатдаги мавжуд макроиқтисодий шароитлар кўчмас мулк бозоридаги талаб ва таклиф ҳолатига бевосита таъсир кўрсатади.
Марказий банк экспертларига кўра, иқтисодий ўсиш, аҳоли даромадларининг ошиши, хусусан, трансчегаравий трансфертлар ҳажмининг сезиларли ўсиши, сўм алмашув курсининг нисбатан барқарорлашиши ва инфляциянинг секинлашиши кўчмас мулк сотиб олиш ва сотиш бўйича битимлар сонининг кўпайиши ва нархларнинг ўзгаришида асосий омиллар бўлган.
Жаҳон кўчмас мулк бозори
2021 йил давомида жаҳон кўчмас мулк бозорида нархлар ўсишига биринчи навбатда паст фоиз ставкалари катта таъсир кўрсатган. Бу кўчмас мулкнинг инвестицион жозибадорлигини оширган. Айниқса, ўтган йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб инфляциянинг тезлашиши аҳолида ўз жамғармаларини қадрсизланишдан ҳимоя қилиш истагини уйғотган асосий омилга айланади.

















