Ўзбекистон | 17:10 / 28.01.2022
9155
2 дақиқада ўқилади

Кучли шамол Қаршидаги бозор томини учириб юборди

Фото: Фавқулодда вазиятлар бошқармаси

Қашқадарёда содир бўлаётган кучли шамол Қаршидаги бозорнинг томини учирган. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар бермоқда.

Қайд этилишича, айни пайтда Қашқадарё вилоятининг айрим ҳудудларида ноқулай об-ҳаво ва қаттиқ шамол кузатилмоқда.

Оқибатда, вилоят ФВБга соат 14:53 гача дарахт ва бошқа қурилмаларнинг қулаши билан боғлиқ ва уларнинг оқибатларини бартараф этишда амалий ёрдам сўраб 3 та мурожаат келиб тушган.

Жумладан, соат тахминан 14:20 ларда Қарши шаҳридаги Оқтепа экобозорининг том ёпмаси кучли шамол таъсирида қулагани тўғрисида хабар келиб тушган.

Хабарга кўра, айтилган манзилга қутқарув хизматидан 2 та бўлинма жалб этилган. Ҳозирда қутқарувчилар томонидан вазият оқибатлари бартараф этилмоқда.

Дастлабки суриштирувда аниқланишича, бозор биносининг 450 метр квадрат том қисми зарар кўрган ва бино ёнида бўлган юк автомобили устига том ёпма конструкцияси қулаб тушган.

Қайд этилишича, юк автомобили ва унинг ҳайдовчисига ҳамда бино атрофидаги фуқароларга ҳеч қандай тан жароҳати етмаган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид