Қозоғистоннинг KEGOC электр тармоқларини бошқарувчи компанияси блэкаутга Ўзбекистонда юз берган ҳодиса сабаб бўлганини маълум қилди. Қозоғистон томонининг билдиришича, ҳодисага қисқа туташув сабаб бўлган, натижада Сирдарё ИЭСдаги олтита энергоблок бирданига ўчирилган. 

“2022 йил 25 январь куни Ўзбекистонда Нур-Султон вақти билан соат 11:59да Сирдарё ИЭСда 6 та энергоблок қисқа туташув туфайли ўчирилган бўлиб, умумий ишлаб чиқариш қуввати 1500 МВт.дан ортиқ йўқотилган. Ўзбекистон энергетика тизимида юзага келган электр қуввати тақчиллиги Ўзбекистон ва Қирғизистон энергетика тизимлари билан параллел ишлашга уланган Қозоғистон энергетика тизимидан электр энергиясининг олинишига олиб келди. Натижада, 500 кВ кучланишли «Қозоғистон шимоли-шарқи-жануби» транзитида қувватнинг «кўтарилиши» ва унинг ортиқча юкланиши содир бўлди”, дейилади компания хабарида. 

Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг энергетика тизимлари тўлиқ ишдан чиққан, барча электр станциялари ва истеъмолчилар таъминоти тўхтатилган. Ўзбекистон энергетика тизимида узилган юкланиш тахминан 9600 МВт (истеъмолнинг 100 фоизи), Қирғизистонда 2600 МВт (истеъмолнинг 100 фоизи)ни ташкил этган. 

“Қайта тиклаш доирасида Қозоғистон ягона энергетика тизими Қирғизистон ва Ўзбекистон энергетика тизимларига ушбу мамлакатлар электр станцияларини кучланиш билан таъминлаш орқали ёрдам кўрсатди, бу эса тиклаш ишларини бошлаш имконини берди. Қирғизистон энергетика тизимининг нормал режимга қайтиши тахминан бир кун давом этди”, дейилади хабарда. 

Содир бўлган ҳодиса рақамли майнинг билан шуғулланадиган истеъмолчилар фаолиятига алоқадор эмаслиги таъкидланган.

Криптовалюталар майнинги

25 январдаги ялпи электр узилишлардан олдин ҳам, Қозоғистонда энергетика мувозанатини сақлаб туриш билан боғлиқ «таранг вазият» ҳукм сурган. Мамлакатнинг бош энергооператори шу сабабли тўрт кун олдин криптомайнерларни огоҳлантириб, улар бир ҳафтага электр тармоғидан буткул узилишини маълум қилган.

Тасдиқланган маълумотларга кўра, Қозоғистонда катта авария содир бўлиши мумкинлиги ҳақида ахборотлар бўлган, бироқ ҳукумат ушбу муаммолар ҳақида тегишли томонлар (Ўзбекистон ва Қирғизистонни) огоҳлантирмаган