Сўнгги йилларда Самарқанд шаҳрида машина бошқариш қийин ва хавфли бўлиб қолди. Кўчалардаги чорраҳаларда ўрнатилган камералар қоидабузарликларни қайд этмаслиги туфайли аксарият ҳайдовчилар машиналарни ўзлари истагандек, бошқаларга халақит берган ҳолда бошқаришмоқда.

Қолаверса, Самарқандда ҳам машиналар оқими жуда зичлиги сабабли тартибли ҳайдовчилар қоидабузарларнинг кутилмаганда тўқнашув содир этишидан чўчиб рулга ўтиришади.

Қоидабузарлиги учун жазоланмаслигини биладиган ҳайдовчилар қизил чироқда машиналар тўхташ чизиғини босиб тўхтайди. Айримлари ҳатто бошқаларга халақит берган ҳолда чорраҳанинг ўртасигача чиқиб боради.

Бундан ташқари, бошқаларнинг ҳаётига хавф туғдирган ҳолда светофорнинг қизил чироғидан ошкора ўтиб кетаётган ҳайдовчилар сони ҳам кўп. Буни ижтимоий тармоқларга юкланаётган айрим видеолардан ҳам билса бўлади.

1-мисол. 2021 йил январ ойида Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек ва Гагарин кўчалари чорраҳасида Lacetti машинаси бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатига халақит берган ҳолда қизил чироқдан ўтади. Оқибатда, яшил чироқда чорраҳага чиққан, оралиқ масофаси яқин бўлган автобус ва Маtiz машиналари кескин тормоз босилиши натижасида ўзаро тўқнашади.

Қизиғи, ана шу ҳодиса ортидан Самарқанд вилоят ИИБ ситуацион марказидаги кузатув камераларининг архив фонди кўздан кечирилиб, айбдор топилади.

Яъни чорраҳаларда кузатув камералари бор. Ситуацион марказ ташкил қилинган ва у ерда чорраҳалардаги транспорт воситалари оқими кузатилади ва видеотасвир ёзиб олинади. Аммо қоидабузарлик қайд этилмайди.

2-ҳодиса. 2021 йил ёз ойларидан бирида Мирзо Улуғбек кўчаси бўйлаб тез ҳаракатланиб келган Spark бошқарувни йўқотиб, йўлдан чиқиб кетди. Оқибатда Мирзо Улуғбек ва Мир Саид Барака кўчалари кесишган чорраҳага ўрнатилган светофорнинг устунини ағдариб юборди.

3-ҳодиса. 2021 йил ёз ойларида аввалроқ Spark светофор устунини ағдариб юборган жойда бошқа бир Spark тез ҳаракатланиб келиб, бошқарувни йўқотди ва ўсиб турган дарахт билан тўқнашди. Оқибатда дарахт синди. Машина эса пачоқ бўлди.