Жамият | 13:10 / 31.01.2022
61643
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда кекса одамнинг юзига тепиб қочган йигитнинг шахси маълум бўлди

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Кўчада кетаётган кекса одамнинг юзига бесабаб тепиб қочиб кетган йигитнинг шахси аниқланиб, ИИБга олиб келинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати Kun.uz’га маълум қилди.

Воқеа 2022 йил 24 январь куни соат тахминан 19:00 ларда содир бўлган. ИИБга кўра, Самарқанд шаҳридаги Қўшчинор маҳалласида яшовчи 2007 йилда туғилган вояга етмаган Ў.А. ўз маҳалладоши, 1968 йилда туғилган фуқаро Ф.Р.нинг юз қисмига, тепиб ҳодиса жойидан қочиб кетган.

Ушбу жараённи Ў.А.нинг таниши 2006 йилда туғилган Р.К. тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларда тарқатган.

Ҳолат юзасидан вояга етмаган Ў.А.нинг ота-онасига нисбатан ўрнатилган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда. Шунингдек, бўлиб ўтган ҳодиса мактаб раҳбарияти иштирокида ҳам муҳокама этилган.

Ҳозирда Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: ИИБ ахборот хизмати

ИИБ ахборот хизматининг қўшимча қилишича, Ў.А. спорт билан шуғулланиб келган. У ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда айтилганидек, йигит Тик-Токчи эмас, тармоқда алоҳида саҳифаси ҳам бўлмаган.

Мавзуга оид