АҚШ Давлат департаменти вакилининг 25 август куни билдиришича, мамлакатнинг дунё бўйлаб элчихона ва консулликларида фаолият юритаётган ходимлар учун махсус тайёргарлик жараёни йўлга қўйилган. Шу сабабли виза олиш учун белгиланган қабул ва суҳбатлар жадвалига ўзгартиришлар киритилади.

Давлат департаменти ўқув дастурининг аниқ мазмуни ва қанча давом этиши ҳақида батафсил маълумот бермаган. Бироқ Reuters агентлигининг ёзишича, тайёргарлик консуллик ходимларига виза талабгорларини янада чуқурроқ текширишга ёрдам беришга қаратилган.

Хусусан, консуллик ходимлари АҚШда давлат ижтимоий ёрдамларига қарам бўлиб қолиши мумкин, деб ҳисобланган аризачиларни аниқлашга кўпроқ эътибор қаратади. Шунингдек, виза талабгорларини баҳолаш жараёнини барча дипломатик ваколатхоналарда «кенг қамровли ва изчил» тарзда амалга ошириш мақсад қилинган.

Аввалроқ Financial Times нашри иммиграцион виза олиш учун АҚШ элчихона ва консулликларида суҳбат санаси белгиланган айрим аризачиларга электрон хатлар юборилганини хабар қилган эди. Уларда белгиланган учрашувлар бошқа муддатга кўчирилаётгани ва янги сана кейинроқ маълум қилиниши айтилган.

Трампнинг иммиграция сиёсати танқид қилинмоқда

Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар Доналд Трамп маъмуриятининг иммиграция соҳасидаги сиёсатини танқид қилиб келмоқда. Улар айрим чораларни камситувчи хусусиятга эга, сўз эркинлиги ва тегишли ҳуқуқий жараён кафолатларига зид, деб ҳисоблайди.

Reuters қайд этишича, Трамп маъмурияти нафақат ноқонуний миграцияга қарши чораларни кучайтирган, балки АҚШга қонуний йўл билан кўчиб келиш жараёнини ҳам мураккаблаштирган. Жумладан, айрим меҳнат визаларига талабгорлар учун янги ва қимматроқ йиғимлар жорий қилинган.

Маъмурият депортацияларни кучайтириш, визалар ва грин-карталарни бекор қилиш, шунингдек, турли асосларга кўра айрим аризаларни рад этиш чораларини қўлламоқда. Манбада сиёсий қарашлар ва Фаластинни қўллаб-қувватловчи намойишларда иштирок этиш ҳам айрим қарорларга таъсир қилгани қайд этилган.

Трамп эса бу чоралар мамлакат ички хавфсизлигини мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилаётганини таъкидламоқда.

Суд 75 давлат фуқароларига оид чекловни бекор қилди

Айни пайтда АҚШ маъмуриятининг виза сиёсати судларда ҳам баҳсларга сабаб бўлмоқда. 21 август куни Ню-Йоркдаги федерал округ суди 75 мамлакат фуқароларига иммиграцион визалар беришни номаълум муддатга тўхтатиш тўғрисидаги қарорни бекор қилди.