Ўзбекистон | 16:45 / 03.02.2022
4067
3 дақиқада ўқилади

Анъанавий ўқиш тикланиши туфайли қўшимча рейслар қўйилиши мумкин

«Ўзбекистон темир йўллари» ва «Uzbekistan Аirways» 7 февралдан Ўзбекистон олий таълим муассасаларида анъанавий таълим тизимига ўтилаётгани ортидан поезд ва авиачипталарга талаб ошиб кетган тақдирда қўшимча рейслар қўйилишини маълум қилишди.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бўлим бошлиғи Фозил Шарипов аввал олинган чипталар ҳеч бир муаммосиз янгисига алмаштириб берилиши, вокзаллар 24/7 соат режимида ишлаётганини таъкидлади.

«Бугунги кунда маҳаллий йўналишларимиз сони йигирматадан ошиқ. Олий таълим муассасаларида 7 февралдан анъанавий ўқиш бошланаётгани муносабати билан барча темир йўл вокзалларида карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда навбатлар ташкил этилган. Ҳозирги кунда барча йўналишлар бўйича бўш жойлар мавжуд.

Қатнов кўрсаткичлари қўшимча равишда мониторинг қилиб борилмоқда. Вилоятлардан Тошкент шаҳрига ёхуд бошқа бир вилоятдан иккинчисига қатновчи поездларда жой қолмайдиган, барча чипталар сотилиб кетадиган бўлса, қўшимча поездлар қўйилиши режалаштирилган.

Вокзаллардаги чиптахоналар кун-у тун ишлайди. Талабалар аввал сотиб олинган чипталар куйиб кетиши мумкин, деган хавотирларга боришмасин, улар, албатта, янгисига алмаштириб берилади. Бунинг учун ортиқча харажат талаб қилинмайди. Поездда жой қолмайди, деган хавотирлар ўринсиз. Энг охирги талаба ҳам, албатта, ўз манзилига етказиб қўйилади», деган Фозил Шарипов.

«Uzbekistan Аirways» АЖ раиси ўринбосари Шуҳрат Худойқуловнинг сўзларига кўра, авиачипталарни янгисига алмаштириб бериш чоғида олдинги сафар кузатилган кўнгилсизликлар такрорланмаслиги қатъий назоратга олинган.

«Кичик муддат ичида ҳаммани манзилига етказиб қўйиш муаммоси бор. Лекин биз бу вазиятга тайёрмиз. Айни пайтда авиакассаларимизда иш вақтини узайтирганмиз. Шунингдек, аввал сотиб олинган чипталарни алмаштириш масаласини алоҳида назоратга олганмиз. Ўтган сафар чипталарни алмаштириш билан боғлиқ айрим муаммолар кузатилганди, масалан, чипталарни алмаштириб бериш учун кимлардандир 35 минг, бошқа бировлардан 50 минг сўм талаб қилинган ҳолатлар учраганди. Бу ҳолатга йўл қўйган шахсларга чора кўрилди. Бу сафар бундай салбий ҳолатларга йўл қўйилмаслиги қатъий назоратга олинган.

Қўшимча рейсларга келадиган бўлсак, республикамизнинг узоқ ҳудудлари – Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Сурхондарё вилоятларидан Тошкентга қатновчи авиарейслар сонини икки баробарга оширдик. Мавжуд рейсларга қўйилган барча самолётлар каттароғига алмаштирилди, яъни 150 талик жой 240 тага кўпайтирилди.

Айни пайтда мутахассисларимиз истеъмолчиларнинг авиақатновларга бўлган талабини кузатиб боришмоқда. Агар зарурат туғиладиган бўлса, қўшимча рейсларни қўйишга тайёрмиз», дея Шуҳрат Худойқуловнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, 7 февралдан бошлаб умумтаълим мактаблари, профессионал, касб-ҳунар таълим ва олий таълим муассасалари, академик лицейлар ҳамда нодавлат таълим ташкилотларида ўқув жараёни анъанавий шаклга ўтказилмоқда. ОТМларда ўқув жараёнлари 7 февралдан 24 февралга қадар босқичма-босқич анъанавий шаклга ўтказилади. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига кўра, мазкур даврда дарс машғулотлари бир вақтнинг ўзида ҳам масофавий, ҳам анъанавий шаклда олиб борилади.

Мавзуга оид