Талабаларнинг қишки таътили 11 январда тугаши керак эди. 7 январда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги таътил 24 январгача узайтирилишини эълон қилди. 20 январда эса Махсус комиссия қарори билан дарслар 24 январдан онлайн бошланадиган бўлди. Аввалги қароридан кўп ўтмай махсус комиссия дарслар 7 февралдан яна анъанавий шаклга қайтарилиши ҳақида янги қарор чиқарди.

Бу қарорларнинг энг кўп жабрдийдаси – вилоятлардан пойтахтга келиб ўқийдиган талабалар бўляпти. Бундай қарорларга муносабатини билиш учун шундай талабаларга микрофон тутдик.

Мансур Ёриев, Тошкент давлат транспорт университети талабаси:

– Бир гуруҳ дўстларимиз билан ижарада турамиз. Ўтган йили ҳам бир неча марта онлайн ва офлайн тизимга қайта-қайта ўтилгани учун жуда кўп сарсонгарчилик бўлганди. Айниқса квартира масаласи жуда қийин. Онлайн тизимга ўтганимиз учун ижарада турган жойимизни эгасига топшириб келгандик. Ҳозир у жойга одам олишибди. Энди яна ижара излаб сарсонимиз чиқади. Оладиган стипендиямиз 500 минг сўм, ижара пули 600 минг сўм. Бир пайтлар талабада ҳам ошқозон деган нарса бўларди. Ҳаммаси бўлиб, бир ойда 2 миллион сўмга яқин сарфлаймиз. Олийгоҳни битириб 1,5 миллион ойликка ҳам зўрға иш топамиз. 

Тошкент молия институти талабаси:

– Халқимиз фавқулодда “ўта фойдали, халқни ўйлаб чиқариладиган” қарор ва қонунлар"га ўрганиб ҳам қолди. 7 январда қишки таътилимиз 24 январгача узайтирилди, кейин 24 февралгача онлайн ўқийдиган бўлдик, энди эса яна анъанавий таълимга қайтарканмиз. Креслода ўтирганча, хоҳлаган қарорни чиқариш маза бўлса керак. Битта қоғоз, тўртта гап битта имзо. Масала ҳал. Халқ билан, талабалар билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Гўё биз театрдаги қўғирчоқ. 20 январгача айрим талабалар қўшимча курсларга қатнаш учун ўқиш жойига келиб қўйишганди. Онлайн ўқиш қарори чиққач, талабалар яна уйларига кетишди. Квартирада турадиган талабалар квартирасини ҳам топшириб кетганди. Энди улар яна квартира қидириб сарсон бўлади. Квартира тополмаган талабалар вокзалларда тунаб қоладими? Энг ёмони олийгоҳларимиздаги таълим сифати шунча саргардонликларимизга арзимайди. 1-, 2- ҳатто 3-курсда ўқишини ташлаб кетаётган талабалар бунга исбот.