Ўзбекистон | 12:40 / 03.02.2022
3428
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда тарихий объектларга зарар етказганлик учун жавобгарлик кучайтирилади

Маданий мерос объектларига зарар етказганлик учун 5-7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда. Сенатнинг 23-ялпи мажлисида Қонун маъқулланди.

Фото: Kun.uz

Сенатнинг 23-ялпи мажлисида Моддий-маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш кучайтирилиши муносабати билан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Унда Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев ўрганишлар натижаларида моддий-маданий объектларга етказилган зарар ҳақида маълумот берди.

“Уч йилда қўмита томонидан Бухоро, Қашқадарё ва Тошкентда олиб борилган ўрганишлар давомида моддий-маданий меросларга жуда катта миқдорда зарар етказиш ҳолатлари аниқланди. Давлат муҳофазасига олинган айрим археологик объектлар йўқ бўлиб кетди. Мамлакатимизда 8210та моддий-маданий мероснинг кўчмас мулки давлат муҳофазасига олинган бўлиб, шундан 4788таси археология, 2665таси архитектура, 625таси монументал санъат асарлари, 530таси диққатга сазовор жойлар. Афсуски, айрим ҳолларда давлат бюджети маблағлари ҳисобига маданий мерос объектларида амалга оширилаётган қурилиш ишлари буюртмачи пудратчи, лойиҳачи, экспертиза ташкилотлари томонидан объектларни реставрация қилиш ишларига зид равишда олиб борилиб уларнинг тарихий қийматига жуда кўп зарар етказилмоқда. 

Масалан, Бухоро шаҳридаги Ситораи Моҳи Хосса тарихий мажмуасида олиб борилган реставрация ишлари ўрганилганда мажмуада ишлар нотўғри олиб борилгани аниқланди, бунинг оқибатида бадиий безаклар, нақшлар, кошинлар, нобуд қилиниб тарихий ва маданий қийматига жами 28 млрд сўмлик зарар етказилган”, — деди сенатор.

У нутқи давомида Паркентда археологик ёдгорлик ҳудуди ғишт ишлаб чиқариш учун сотиб юборилганини ҳам эслаб ўтди. “Объектга етказилган зарар 1 трлн 587 млрд сўмни ташкил қилди”, — деди қўмита раиси.

Бундан ташқари, Ўзбекистон бош прокуратураси томонидан тақдим этилган расмий маълумотларга кўра, бу борада 2017-2021 йилларда республика бўйича жами 14та жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этаётгани маълум қилинди.

“Мазкур қонун билан Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Соҳада ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жиноий жавобгарликни кучайтириш таклиф этилмоқда.

Масалан, Жиноят кодексининг 132-моддасига киритилган қўшимчага кўра, давлат муҳофазасига олинган моддий-маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш жуда катта миқдорда зарар етказган ҳолатда 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланмоқда.

Моддий-маданий мерос объектларини таъмирлаш ва реставрация қилиш ишлари билан боғлиқ жараёнларда уларга жуда катта миқдорда зарар етказиш бевосита мансабдор шахслар иштирокида содир этилгани инобатга олиниб, ушбу жиноятларни тергов қилишни ички ишлардан прокуратура органлари терговчиларига ўтказиш назарда тутилмоқда”, — деди сенатор.

Ушбу Қонун Сенатда маъқулланди.

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид