Жаҳон | 15:33 / 03.02.2022
9711
1 дақиқада ўқилади

Роттердамдаги 140 йиллик кўприк Жефф Безоснинг яхтаси ўтиши учун қисман бузилади

Яхтани қурган голланд компанияси лойиҳалаш вақтида кўприкнинг ўлчамларини ҳисобга олмаган. Натижада яхта Конингсхэвен кўпригидан баландроқ бўлиб қолган.

Фото: Getty Images

Роттердам шаҳри ҳокимияти миллиардер Жефф Безоснинг янги яхтаси дарёдан ўтиши учун Конингсхэвен кўпригини қисман бузишга қарор қилди. Бу ҳақда MarketWatch нашри ёзмоқда.

1878 йилда қурилган бу кўприк 1940 йилдаги бомбардимонлар чоғида вайрон бўлганди. У 2017 йилда дастлабки кўринишида тикланган.

Аммо эндиликда Безоснинг баландлиги 40 метрли яхтаси ўтиши учун кўприкни қисман бузишга тўғри келади. Яхтани қурган голланд компанияси лойиҳалаш вақтида кўприкнинг ўлчамларини ҳисобга олмаган. Натижада яхта Конингсхэвен кўпригидан баландроқ бўлиб қолган ва уни олиб чиқиш учун бир нечта ечим таклиф қилинган.

Биринчи таклифга кўра, яхтани чала битказиб, уни бошқа жойга олиб ўтиш ва қуриш мўлжалланган. Иккинчи йўл эса тайёр яхтани олиб ўтиш учун кўприкни қисман бузиш таклифидир. 

Безос Роттердам шаҳри ҳокимиятига мазкур ишлар учун кетадиган барча харажатларни қоплашини билдирган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид