Ҳар қандай кадр бирор вазифага қўйилар экан, унинг шу тизимда ўтказган илк 100 кунига қараб кейинги фаолияти учун ҳам хулосаларни қилиш мумкин, дейишади.

Шерзод Шерматовнинг Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири сифатида иш бошлаганига ҳали 100 кун бўлмаган бўлса-да, шунга яқин вақт ўтди.

Хўш, у дастлабки икки ярим ойлик фаолиятини қандай бошлади? Соҳа олдида турган долзарб муаммолар – сифатсиз интернет, бюрократик UzIMEI, ижтимоий тармоқларнинг блокка тиқилиши, етишмаётган кадрлар каби масалалар-чи, улар қандай ҳал этилади?

Kun.uz мухбири вазир билан шу каби мавзулар атрофида интервью уюштирди.

— Шерзод ака, бугун Ўзбекистонда қандай муаммо бўлсаки, унинг илдизлари таълимда экани ҳақида гапирилади. Сизни 2018 йилда ботқоқликдаги айни шу соҳани ислоҳ қилиш учун олиб келишганди. Орадан 3 йил ўтиб эса, яна бошқа тизимга олиндингиз. Бу нима билан боғлиқ, таълим ислоҳоти бўйича олдингизга қўйилган вазифалар бажарилиб тугадими, ёки кутилган натижани беролмаганингизми?

— Ўз фаолиятимга ўзим баҳо беришим керак эмас аслида. Халқ таълими вазирлигига ўтишдан аввалроқ АКТ вазирлигида ҳам вазир ўринбосари ва вазир вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаганман.

Бугун АТ (ахборот технологиялари) соҳасининг айниқса Ўзбекистонда потенциали жуда юқори. Шундай экан, уни Ўзбекистоннинг келажагини белгилаб берувчи драйвер соҳалардан бири сифатида кўриш керак. Халқ таълими вазири бўлиб ишлаганимда ҳам бў йўналишга фойдаси тегадиган фундамент яратишга ҳаракат қилдик. Нима учун бу соҳани драйвер бўлиши керак деяпман? Ҳозир бутун дунёда иккита йирик глобал тренд кетяпти. Биринчи тренд бу – пандемия.

Айни шу пандемия сабаб бугун ғарб ёки шарқнинг ривожланган мамлакатларида давлат ва нодавлат ташкилотлари иш фаолиятини тўлиқ масофавий шаклга кўчирмоқда.

Хўш, бу биз учун нимани билдиради? Аввал ўзбекистонликлар АҚШ ёки бирор ғарб давлатида ишлаш учун албатта, ўша мамлакатга бориши керак бўларди. Ҳозир эса кўплаб вазифаларни интернет орқали бажариш мумкин бўляпти. Биз бу имкониятдан иқтисодиётимизни ривожлантиришда фойдаланишимиз мумкин.