Ўтган йилда «Олтин тўп» учун кураш асосан Месси ёки Левандовски каби юлдузлар орасида кечган бўлса-да, яна бир ном борки, унинг номзоди ҳеч кимда камида эътироз уйғотмади. «Челси»нинг ЕЧЛдаги ғалабасида қаҳрамонлар кўп бўлса-да, Жоржиньо Италия терма жамоасида ҳам асосий фигуралардан бири эди. Манчини уни финал куни, ҳатто жароҳат билан ҳам майдонда сақлаб тургани, футболчининг жамоада нақадар муҳим ўрин тутганини билдиради. Йилнинг ҳар икки буюк ғалабасини умумлаштирувчи ягона футболчи – Жоржиньо.

Уни пайқаш осон эмас. Лекин рад ҳам эта олмайсиз. Бунга йўл қўймайди. Футболчининг ҳаёт ҳикоясини тингласангиз, янада амин бўласиз.

Хоналаримиз ифлос эди. Айни овқатни кунда уч маҳал ер эдик. Ювиниш хоналарида иссиқ сув бўлмасди. Ҳатто қишда ҳам. Ташқарида эса маҳаллий безорилар бизни тўнаш пайида бўлишарди. Бу - Бразилияда, Гуабирубедаги футбол лагерим. Оиламдан юз мил узоқликда яшаганман. У пайтларда ёшим атиги ўн учда эди, дўстим.

Бу худди армияга ўхшарди. Кунига икки маҳалдан машғулот, кейин эса ўқиш. Бу ерга келишимдан олдин Сан-Паулудаги уч клубда синовдан ўтдим, аммо барчаси мени рад қилгач, она шаҳрим бўлмиш Имбитубуга қайтгандим. Ўша ерда бир италиялик агент мени ўзи бошқарадиган лагерга таклиф қилди. Унинг айтишича, ўзини яхши кўрсата олган болаларда Италияга бориш учун кичик имконият пайдо бўлар экан. Қайси болакай Европага боришни истамайди?

Балки ҳайрон қолишингиз мумкин, лекин лагердаги қийин ҳаёт мен учун нормага айланиб ҳам қолганди. Ўзим учун кашф қилдим-ки, шароит ҳар қанча оғир бўлмасин, инсон унга мослаша олар экан. Агар бошқа танлов имконияти бўлмас экан, ҳар қандай ҳолатга чидай оласан.

Биласизми, беш ёшимда отам мендан катта бўлганимда ким бўлишимни сўраганида, «футболчи» деб жавоб берганман.

«Аммо футболчи бўлиш сен телевизорда кўрганингдек, осон иш эмас» – деганди у, - «Жуда кўп қийналасан, йиғлайсан, ҳаётингни олиб қўйишади. Уйга кетгинг келади, мағлуб бўлишни тан олишга мажбур бўлишинг мумкин. Хўш, катта бўлганингда ким бўласан?»

«Футболчи» – дедим мен яна бир марта.

Мен ҳаммасига тайёр эдим. Бир куни лагерга онам кўргани келди. Ювиниш хонамизга кириб чиққач, менга нарсаларимни йиғиштиришни, уйга кетишимизни айтди.