Ўзбекистон | 08:27 / 04.02.2022
21043
1 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Пекинга етиб борди 

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 4 февраль куни 2022 йилги қишки Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этиш учун Пекин шаҳрига ташриф буюрди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, Хитой пойтахтининг “Шоуду” халқаро аэропортида Шавкат Мирзиёевни ушбу мамлакатнинг расмий шахслари кутиб олди.

Қишки Олимпиаданинг очилиш маросими бугун Тошкент вақти билан соат 17:00 да Пекиндаги “Қуш уяси” миллий стадионида бошланади.

Хитой раҳбари 4-6 февраль кунлари Пекинда хорижий давлатлар етакчилари, ҳукумат раҳбарлари, қироллик оилалари аъзолари ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари шарафига қабул маросими ўтказади.

Меҳмонлар орасида Россия, Сингапур, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Миср, Польша, Аргентина раҳбарлари, Камбоджа қироли, Қатар амири, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси, бошқа қатор давлатлар етакчилари, Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Гебрейесус бор.

Маълумот учун: Олимпия ўйинлари 4-20 февраль кунлари, Паралимпия ўйинлари эса 4-13 март кунлари бўлиб ўтади.

Мавзуга оид