Маълум қилинишича, бошқарманинг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан “Истанбул-Навоий” йўналишидаги авиарейс билан олиб келинган курьерлик жўнатмалари божхона кўригидан ўтказилган. Кўрик давомида йўл-юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган, товарлар орасига яширилган, сифати кафолатланмаган 73 млн 800 минг сўмлик “Favimol 200mg” номли дори-дармон воситалари борлиги аниқланиб, далолатнома асосида вақтинча сақловга олинган.

Шунингдек, ушбу рейсда яна бир ҳолатда йўл-юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган, ошхона буюмлари орасига яширилган 20 млн 640 минг сўмлик сифати кафолатланмаган дори воситалари ҳамда 3 млн сўмдан ортиқ қийматдаги кийим-кечаклар борлиги аниқланган.

Ҳозирда ҳолатлар юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Олдинроқ Навоийда 2021 йилда божхоначилар томонидан қарийб 9 млрд сўмлик ноқонуний товар-моддий бойликлар ушлаб қолингани маълум бўлганди.