Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЖПКга сўроқ жараёни ва натижасини соддалаштирилган тартибда қайд этиш нормаси киритилади
"Ўзбекистон Жиноят–процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.
Жиноят–процессуал кодексга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, ишнинг айрим ҳолатларини инобатга олиб, сўроқ қилиш жараёни ва натижалари овоз ёзиш ва видеоёзувдан фойдаланган ҳолда соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилиши мумкин. Бунда овоз ёзиш ва видеоёзув баённомага илова қилиниши шарт.
Сўроқ қилиш жараёни ва натижалари соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилган ҳолларда юқоридаги асосларга кўра, сўроқ қилинувчининг кўрсатувлари қайд этилган овоз ёзиш ва видеоёзув намойиш этилиши мумкин.
Сўроқ жараёнида суриштирувчи, терговчи ва суд, шунингдек суд муҳокамасида тарафлар ишга қўшиб қўйилган ёки тарафлар ихтиёрида бўлган нарсалар ва ҳужжатларни сўроқ қилинувчига кўрсатишлари, шунингдек бу ҳужжатларни ўқиб эшиттиришлари, аудио- ва видеоёзувлар эшиттирилиши (намойиш этилиши) мумкин.
Сўроқ баённомасида ёки суд мажлиси баённомасида қайси нарса ёки ҳужжат кўрсатилганлиги, ҳужжат матнининг ёки тергов ҳаракатининг баённомасининг қайси қисми ва унинг ким томонидан ўқиб эшиттирилганлиги, нарса, ҳужжат ёки баённомани кўрсатиш, аудио- ва видеоёзувлар эшиттирилиши (намойиш этилиши) вақтида қандай саволлар берилганлиги ва бунга жавобан сўроқ қилинувчи қандай кўрсатувлар берганлиги аниқ акс эттирилиши керак.
Кодекс сўроқ жараёни ва натижаларини соддалаштирилган тартибда қайд қилиш ҳақидаги 106-1-модда билан тўлдирилади.
Сўроқ жараёни ва натижалари овоз ёзиш ва видеоёзувга қайд этилиб, соддалаштирилган тартибда қисқа баённома тузиш орқали расмийлаштирилиши мумкин.
Баённомада сўроқ қилинган сана ва жой, тергов ҳаракатининг бошланиш ва тугаш вақти, тергов органининг номи, тергов ҳаракати иштирокчилари тўғрисидаги маълумотлар, овоз ёзиш ва видеоёзув воситаларидан фойдаланганлиги тўғрисидаги маълумотлар, видеони ўз ичига олган файл номи, кўрсатувларнинг умумий мазмуни, ишда иштирок этувчи шахслар томонидан далил сифатида тақдим этилган қўшимча материаллар ишга қўшилганлиги тўғрисидаги маълумотлар қайд этилади.
Баённома сўроқ қилган шахс ҳамда процесс иштирокчилари томонидан имзоланади, овоз ёзиш ва видеоёзув баённомага илова қилиниши шарт. Сўроқ қилинувчи ёки тарафларнинг илтимосига кўра баённомага имзо қўйилгунига қадар ёзилган овоз ва видеоёзув намойиш қилиниши мумкин.
Қуйидаги ҳолларда сўроқ қилиш жараёни ва натижалари соддалаштирилган тартибда қайд қилиниши мумкин эмас: сўроқ қилинувчи рози бўлмаган тақдирда; овоз ёзиш ва видеоёзув мосламалари техник носоз бўлганда; сўроқ қилинувчи тўғрисидаги маълумотлар сир сақланиши лозим бўлган ҳолларда.
Иш айблов хулосаси билан, ярашув тўғрисидаги ишни тасдиқлаш учун прокурорга юбориш ҳақида қарор билан, ишни тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш учун судга юбориш тўғрисидаги қарор билан, амнистия актига асосан жиноят ишини тугатиш ҳақида судга илтимоснома киритиш тўғрисидаги тақдимнома билан прокурорга топширилган куни ёхуд ишни тугатиш ҳақида қарор чиқарилган куни дастлабки тергов тамомланган ҳисобланади.
Дастлабки тергов жиноят ишини тугатиш тўғрисида қарор чиқариш, айблов хулосаси тузиш, ярашув тўғрисидаги ишни тасдиқлаш учун прокурорга юбориш ҳақида қарор чиқариш, ишни тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш учун судга юбориш тўғрисида қарор чиқариш ёхуд амнистия актига асосан жиноят ишини тугатиш ҳақида судга илтимоснома киритиш тўғрисида тақдимнома тайёрлаш билан тамомланади.
Мавзуга оид
14:50 / 27.02.2025
ИИБдан яна ўлик чиқди: Узундаги қотиллик иши доирасида сўроққа олиб кетилган фермер вафот этди
07:38 / 13.12.2021
Вояга етмаган шахсни сўроқ қилишда психолог иштирок этиши белгиланди
13:34 / 02.11.2021
Вояга етмаган жабрланувчи ёки гувоҳни сўроқ қилиш давомийлиги 4 соатдан ошмаслиги белгиланади
22:12 / 24.07.2019