2026 йилнинг январ-сентябр ойлари давомида Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 5,8 фоиздан 3,6 фоизгача пасайди. Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳисоботида келтирилган.
Ҳисоботга кўра, камбағалликдан холи маҳаллалар сони 1435 тадан 3627 тага етган. «Ижтимоий реестр»даги 429 мингта оилага даромадини ошириш мақсадида 581 мингта хизмат кўрсатилган, натижада даромади ошган 440 мингта оила реестрдан чиқарилган.
Ўтган 9 ой ичида 824 минг нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилган. Шунингдек, 4,1 млн нафар аҳолининг даромадини оширишга ёрдам берилган, 980 минг нафар фуқаронинг норасмий бандлиги расмийлаштирилган.
Қайд этилишича, касбга ўқитиш дастурлари доирасида 96,4 минг киши ўқишга жалб қилиниб, уни тамомлаган 59,2 минг нафар битирувчидан қарийб 45 минги иш билан таъминланди. Ваучер тизими орқали қарийб 130 минг кишига ваучер ажратилиб, ўқишни тамомлаган 56,5 минг кишидан 43 мингдан ортиғи ишга жойлаштирилган.
Шунингдек, январ-сентябр ойларида Онлайн маҳалла электрон платформаси орқали жами 7730 та субсидия ва 8 835 та ссуда аризаси қаноатлантирилган. Натижада 64,1 млрд сўм субсидия (ўтган йилга нисбатан 58,4 фоиз ўсиш) ва 79,8 млрд сўм ссуда (+31,4 фоиз) ажратилган.













