09:00 / 12.02.2022
7171

Тошкент давлат стоматология институти ишчи гуруҳи Жиззах вилоятининг олис ҳудудларида тиббиёт соҳасидаги муаммо ва таклифларни ўрганди ва тиббий кўриклар ташкил қилди

Тошкент давлат стоматология институти профессор-ўқитувчиларидан иборат ишчи гуруҳ Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан олис ҳудудларда тиббиёт тизимидаги муаммоларни ўрганиш, шунингдек, аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш мақсадида Мирзачўл туманида бўлдилар.

Фото: Тошкент давлат стоматология институти ахборот хизмати

Тошкент давлат стоматология институти ректори Н.Ҳайдаров бошчилигидаги ишчи гуруҳ Жиззах вилоятида туман тиббиёт бирлашмалари масъул ходимлари ҳамда шифокорлар билан давра суҳбати ўтказди. Жойларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни янада такомиллаштириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Савол ва таклифларнинг асосий қисми соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинига тааллуқли бўлиб, туман тиббиёт бирлашмаси ходимларини ҳозирда қийнаётган масалаларга кўпроқ эътибор қаратилди.

“Ушбу тадбирлардан кўзланган мақсад, давлат раҳбарининг тиббиёт соҳаси вакиллари билан учрашувдаги топшириқлари ва кўрсатмаларини жойларда амалга ошириш ва аҳоли саломатлигини яхшилашдан иборатдир. Тадбир давомида Мирзачўл туманидаги тиббиёт муассасалари ходимларидан кўплаб амалий таклифлар олдик”, — дейди Тошкент давлат стоматология институти ректори Нодир Ҳайдаров.

Фото: Тошкент давлат стоматология институти ахборот хизмати

Ишчи гуруҳ томонидан жойлардаги муаммолар бевосита ўрганилиб, тиббий хизматни янада такомиллаштириш, хусусан аҳоли орасида кенг тарқалган касалликлар профилактикаси, уларни барвақт аниқлаш ва асоратларининг олдини олиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Шу билан бир қаторда, Мирзачўл туманида истиқомат қилувчи бемор ва кексалар учун институтнинг малакали стоматолог, уролог, жарроҳ ва невропатологларидан иборат шифокорлар жамоаси томонидан тиббий кўрик ўтказилди ва керакли тавсиялар берилди.

Мутахассисларнинг тавсияларини сифатли ҳамда тезкор ташкил қилиш мақсадида ҳудудларнинг ўзида лаборатория текширувлари ўтказилди. Тиббий кўриклар давом этмоқда.

Тошкент давлат стоматология институти ахборот хизмати Ⓣ

Top