Ўзбекистон | 10:00 / 13.02.2022
43378
14 дақиқада ўқилади

Давр-у даврон ҳокимлар, шаъни топталган устозлар ва трамвай хушхабари — ҳафта дайжести

Андижонда ўқитувчилар шаъни оёқости қилинди. Бир ҳоким ўринбосари 40 минг, иккинчиси 50 минг доллар билан ушланди. Тошкентга трамвайлар қайтадиган бўлди. Лукашенко яна Ўзбекистонга тил теккизди, Россия эса миграция сиёсатини кучайтирмоқчи. Kun.uz ҳафтанинг энг асосий янгиликлари шарҳини тақдим этади.

Ўқитувчи шаънини топтаган шарафсизлар

Охирги пайтларда энг кўп ёқимсиз хабарлар келаётган ҳудуд Андижон бўлиб турибди. Ўтган ҳафта дайжестимизда ҳам бу вилоятда рўй берган ҳодисалар асосий мавзулардан бўлганди. Вилоятдаги ўқитувчилар “Тунги гулхан” тадбирларига жалб этилиб, таълим соҳаси раҳбарларига “Виждон хати” ёздирилган эди. Афсуски, булар таълимдаги кўргиликларнинг ҳали охиргиси эмас экан.

Ўтган ҳафта Марҳамат туманидаги 72-сонли мактабда таълим сифати пастлиги рўкач қилиниб, ўқитувчилар ота-оналар қаршисида турғизиб қўйилди ва узр сўрашга мажбурланди.

Ўқитувчи шаънини ерга булғаган бунақа тутуруқсиз буйруқни туман ҳокимлиги берган. Буйруқ ижросини ҳоким ўринбосари ва халқ таълими бўлими мудири шахсан назорат қилган.

Узрхонлик ташкилотчилари бунақа маросимларни давом эттиришни мақсад қилиб, ўрнак олиш учун тадбирга бошқа мактаблардан ҳам вакиллар чақирган. Ҳатто бир кун олдин репетиция қилиш режаси ҳам бўлган. Тадбир пайтида ўқитувчилар бир соатга яқин тик оёқда бош эгиб туришга мажбур бўлишган.

Бугун таълим соҳасида ишлаётган қайси бир мулозим билан гаплашсангиз, у сўзининг бошида авваллари ўқитувчилар кетмон кўтаргани, пахта тергани, кўча тозалашга олиб чиқилгани ҳақидаги гаплар билан бошлайди. Ҳа, Ўзбекистонда таълим соҳаси ана шундай даврларни ҳам кўргани рост. Лекин аниқки, ўқитувчи минбарга олиб чиқилиб, ўзи таълим-тарбия бераётган боланинг ота-онасидан мажбурлаб узр сўраттириладиган даражадаги шармандаликка ҳеч қачон тушмаган эди.

Узрбозлик маросими ошкор бўлиши биланоқ, кўплаб фаоллар биринчи навбатда туман ҳокими эмас, вилоят ҳокимидан воқеа учун узр сўрашни талаб қилди. Эслатиб ўтамиз, Андижон – Шавкат Мирзиёев даврида ҳокими ўзгармаган ягона вилоят. Шуҳрат Абдураҳмонов бу лавозимга келган йили мактабга чиққан болалар бу йил 9-синфни битиради.

Шуҳрат Абдураҳмонов Марҳаматдаги ҳолат бўйича айбдорларга чора кўришга ваъда берди. Кимга чора кўриш кераклиги эса бир қарашда аён бўлиб тургандек. Мактаб директори ва ХТБ бошлиғи бу ташаббус муаллифи Марҳамат ҳокими Бобур Йўлдошев эканини айтмоқда. Ҳоким ҳам берган баёноти билан буни тасдиқлагандек бўлди: Йўлдошев ўқитувчилардан узр сўраб қилган чиқишида гарчи очиқчасига айбни бўйнига олмаган бўлса ҳам, бунақа вазиятларда айтиладиган “айбдорларни топиб, қатъий чора кўрамиз” деган гапни гапирмади.

Ҳоким Kun.uz'га берган интервюсида мактаб жамоаси ва ота-оналар ҳамкорлигини кучайтириш учун тадбирлар ўтказишга топшириқ берганини тан олди, лекин айнан узр сўраттириш ташаббуси ундан чиққанини рад этди. Ҳоким, бир тарафдан, бунақа буйруқ бермаганини айтяпти, бошқа тарафдан эса унда бу буйруқни ким берган деган саволга жавоб бермаяпти. Бу вазиятда аниқ факт шуки, Марҳамат ҳокимлиги бунақа шармандачилик айбдорлари кимлигини излаётгани йўқ, чора кўрмоқчи ҳам эмас. Тўғри-да, кимлиги маълум бўлиб турган бўлса, суриштирувга нима ҳожат?

Ҳозирда ҳолат Бош прокуратурага оширилган.

Бу воқеалар фонида таълимга оид яна иккита ҳолат одамнинг дилини хира қилди. Биринчи ҳолатда, Андижон шаҳар халқ таълими бўлимининг собиқ ва ҳозирги раҳбарлари қамоққа олингани, улар 57 млрд сўм бюджет пулларини талон-торож қилганликда гумонланаётгани маълум бўлди.

Тасаввур қиляпсизми, биттагина шаҳарнинг ўзида мактаблар учун ажратилган 5 млн доллардан ортиқ пул еб юборилган бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, ҳафта бошида ўқитувчиларнинг обрўсини кўтаришга қаратилган қонун нега кечикаётгани маълум бўлди. 2020 йилда ишлаб чиқилган лойиҳа лойиҳалигича қолиб кетганига сабаб – масаланинг пул билан боғлиқлиги экан. Демак, сон-саноқсиз ортиқча харажатларга келганда топиладиган пул ўқитувчиларга келганда топилмай қолган. Маълум-у машҳур компанияларга имтиёзлар тортиқ қилинаётган пайтда, ўқитувчиларни қўллаш ҳақидаги ҳужжат кабинетларнинг тортмаларида чанг босиб ётган.

***

Репутациясини йўқотиб, дахлсизлик олган ҳокимлар

Рақамлар алдамайди, дейишади. Лекин бу гапни, масалан, коррупцион жиноятлар статистикасига нисбатан ишлата олмайсиз. Агар шунақа статистика асосида Ўзбекистондаги қайси касб эгалари энг ҳалол деган рейтинг тузсангиз, унда шубҳасиз биринчи ўринни ҳокимлар эгаллайди. Ахир охирги йилларда қайси ҳоким маъмурий ё жиноий жавобгарликка тортилганини хотираси энг зўрлар ҳам эслаши қийин.

Ҳокимларимиз шунчалик ҳалол бўлса ҳам, ўринбосарлари ҳеч уларга ўхшамайди. Ҳоким ўринбосарлари коррупцион жиноятлар билан қўлга тушган ўнлаб ҳолатлар бор. Шу ҳафтанинг ўзида Тошкент вилояти Чиноз тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари 40 минг доллар билан, Қашқадарёда Миришкор тумани ҳокими ўринбосари 50 минг доллар билан ушлангани маълум бўлди.

Нафақат ҳоким ўринбосарлари, ҳатто прокурорлар ва судялар ҳам пора билан қўлга тушаётган бир пайтда, шундай таассурот уйғонадики, худди ҳокимлар устидан иш очиш тақиқлангандек гўё... Бошқа тарафдан эса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи иккита органнинг раҳбари ҳокимларни ҳадеб ёмон кўравермасликка чақиряпти. Аввалроқ Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори, шу ҳафта эса адлия вазири шундай фикр билдиргани таажжубланарли.

Ҳали у туман, ҳали бу шаҳардан ҳокимлар ҳақида негатив хабарлар келиб турган шароитда, Бурҳонов ва Давлетовнинг чақириғи иш бериши қийин. Чунки гап фақат ҳокимликлардаги коррупцияда эмас, қонунларни ҳурмат қилишда. Ва бу негативни биров эмас, уларнинг ўзи келтириб чиқаряпти. Якшанба – дам олиш куни бир эмас, нақ тўртта туманда мажлис ўтказ деб Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зариповга ҳеч ким айтмагандир ахир? Меҳнат кодекси тугул, ундан катта кодекслар ҳам унга келганда ишламаслигини билгани учун шундай қилгандир эҳтимол?

***

Лукашенко Ўзбекистоннинг келажагини белгилаб бермоқчи

Александр Лукашенко / Интервюдан кадр

Беларус фуқароси Александр Лукашенко яна Ўзбекистонни тилга олди. У ҳозир Россия ва Беларусдан иборат Иттифоқ давлати келгусида собиқ совет республикалари ҳисобига кенгайишига ишонч билдирди. Тан олинмаган президентнинг фикрича, яқин 10-15 йилда Украина, Арманистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон Иттифоқ давлатига таркибига кирармиш.

Маълумот учун, Иттифоқ давлати деб аталадиган интеграция 90-йиллар охирларидан бошланган. Беларус ва Россия бу иттифоқ доирасида парламент, валюта ва қонунчиликни умумлаштиришни мақсад қилган. Амалда эса Беларус ўз мустақиллигининг катта қисмини собиқ мустамлакачиларга бериб қўйган. Минскнинг ички ва ташқи сиёсатини белгилашда Москванинг таъсири ҳаддан зиёд юқори.

Лукашенко ана шу тузилма кенгайиши ҳақидаги фикрларини рус пропагандачиси Владимир Соловьевга берган интервьюсида айтган. Интервюда бу мавзуни кремлпараст журналист очган, у Беларус фуқаросидан Иттифоқ давлати идеалда қандай бўлиши керак деб сўраган.

Лукашенко бир ой олдин ҳам Ўзбекистон ҳақида гапириб, Қозоғистондаги воқеалардан биринчи навбатда Ўзбекистон хулоса чиқариши керак деганди. Ўшанда президент Шавкат Мирзиёев хавфсизлик кенгаши йиғилишида бунга муносиб жавоб берганди. Ўзбекистон томонининг бу сафарги жавоби эса расмий доиралардаги, исми ошкор қилинмаган шахс номидан тарқатилди.

Баёнотда Лукашенконинг гаплари тутуруқсиз деб таърифланган, бунақа гаплар икки давлат муносабатларига путур етказишига ишора қилинган.

“Ҳурматли Александр Григорьевич, аввало, ўз мамлакатининг ички ва ташқи масалалари билан шуғулланса оқилона йўл тутган бўлар эди. Зотан, бугунги кунда Беларусдаги муаммолар “яшириб” қўйилгани билан, буткул бартараф этилмаган.

[...] Ўзбекистон мустақил суверен давлат сифатида ўз келажагига нисбатан аниқ қарашга эга ҳамда фақатгина халқ ва давлат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда миллий тараққиёт стратегияси йўлида олға интилишда давом этади”, – дейилади расмий Тошкентнинг жавобида.

Шимолдан бўлаётган давомли информацион босим фонида, Россияда яна миграция сиёсатини кучайтириш ҳақида гапира бошлашди. Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин муҳожирлар иштирокидаги жиноятлар кўпаяётгани баҳонасида муҳожирларга янги тўсиқлар қўйишни таклиф қиляпти.

Россиянинг бош терговчиси, масалан, иш берувчиларга мигрантларни уй-жой билан таъминлаш ва транспорт харажатларини тўлаш мажбуриятини юклаш, келган хорижликларни геном бўйича рўйхатга олиш, йирик шаҳарларда аҳолининг этник-маданий мувозанатини сақлаш чораларини кўриш керак деган фикрда.

Нима ҳам дердик, собиқ мустамлакачилар ва уларнинг вассаллари томондан келаётган сигналлар борган сари очиқ-ойдин бўлиб бораётгани расмийларимизни етарлича сергак торттиради деб умид қиламиз.

***

Тошкентга трамвайлар қайтади

Фото: Kun.uz

Ҳафтанинг асосий ижобий хабарлари президент Шавкат Мирзиёев билан боғлиқ. Давлат раҳбари аҳолининг талабларига биноан Тошкентда трамвайлар қатнови тикланишини эълон қилди, қолаверса, автоҳалокатлар сони ҳаддан ортиқ кўплиги юзасидан шахсан ўзи йиғилиш ўтказиб, йўлларда хавфсизликни таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди.

Тошкентда трамвайлар ҳаракати 2016 йил 2 май куни буткул тугатилган, шу тариқа Тошкент трамвайининг 115 йиллик тарихига нуқта қўйилганди. Ўшанда бундай муҳим қарор шаҳар аҳолиси билан бемаслаҳат қабул қилинган, кўплаб фаоллар бу қарор хато бўлганини айтганди. Расмийлар эса трамвайни самарасиз транспорт тури деб ҳисоблаб, йўлларни кенгайтириш ва янги кўприклар қуриш орқали шаҳардаги тирбандликларни камайтиришни режа қилгандилар.

Лекин жаҳон тажрибасида аллақачон исботланган факт шуки, йўлларни қанча кенгайтирсангиз, тирбандликлар шунча кўпаяверади. Бу муаммони ҳал қилиш учун сифатли жамоат транспорти ва шаҳарлар қурилишини ақлли режалаштиришдан кўра яхшироқ ечим йўқ. Афсуски, Тошкент мисолида бу иккала омил ҳам эътиборга олинмади. На жамоат транспорти эпақага келтирилди, на шаҳарнинг бош режаси тузилди.

Трамвайлар – бу фақат носталгия эмас, замонавий шаҳарларда бу транспорт тури алоҳида қадрланади, чунки трамвай – экологик тоза, унга автобусдан кўра каррасига кўпроқ одам сиғади, трамвай йўлини қуриш метро қуришдан бир неча ўн баробар арзонга тушади.

Шу сабабли ҳам Шавкат Мирзиёев пойтахтга трамвайлар қайтишини эълон қилганини жамоатчилик хурсандчилик билан қарши олди. Эндиликда фаоллар янги трамвай тизими тўғри ташкил этилишидан умид қиляпти. Бунда айниқса йўналишлар харитаси оқилона тузилиши, релсларни ётқизиш ва трамвайлар сотиб олиш бўйича эса очиқ аукцион ўтказилиши керак.

***

Йўлларда қон оқишини камайтириш чоралари белгиланди

Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов президент Шавкат Мирзиёевдан йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўйича топшириқлар олди. / Фото: Президент матбуот хизмати

2021 йилда Ўзбекистонда рўйхатга олинган йўл транспорт ҳодисаларининг сони 10 мингтадан ошиб кетган, уларда 9 минг киши жароҳатланган, 2,5 мингга яқин киши ҳалок бўлган. Ўлганларнинг 263 нафари – болалар.

Бу рақамлар аввалги йиллардагидан катта фарқ қилмайди. Биз ўзбекистонликлар йўллардаги аварияларга шунчалик ўрганиб кетганмизки, уларни кўравериб, ҳайратланмайдиган даражага етганмиз. Лекин чет элда яшаб келганларга бу нарса яққол кўринади. Ривожланган давлатлардан келган хорижликлар ҳам Ўзбекистондаги ҳайдовчиларнинг ўзини тутишини кўриб, ёқа ушлайди.

Жума куни биринчи марта шу мавзуда президент ҳузурида йиғилиш бўлиб ўтди. Бу йиғилишда айтилган асосий янгиликларни қисқача санаб ўтамиз.

— Ҳайдовчиларни тийиб туриш учун жарима баллари тизимига ўтилади. Бу тизимда, масалан, ҳайдовчи тезликни оширса 1 балл, қизил чироқда ўтса 3 балл ёзилади. Жарима баллари бир йил ичида 12 баллга етса, ҳайдовчи автомобиль бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Бу ҳуқуқни қайтариб олиш учун имтиҳондан ўтишга мажбур бўлади. Бундан ташқари, мажбурий суғурта нархи ҳайдовчининг жарима балларига ошириб борилади.

— Автомобилни тартибсиз бошқариб, бошқа ҳайдовчиларга халақит қилганлик учун йўл безорилиги деган янги жавобгарлик тури киритилади.

— Эскирган йўл ҳаракати қоидалари халқаро стандартлар асосида янгидан ишлаб чиқилади. Ҳайдовчиларни ўқитиш ва имтиҳон қилиш тизими тубдан қайта кўриб чиқилади. Автоматлаштирилган имтиҳон марказлари барча вилоятларда очилади.

— Светофорлар, йўл белгилари ва йўл чизиқлари кўпайтирилади, тротуарларнинг ҳолати яхшиланади, йўлларни ёритиш чоралари кўрилади. Тошкентдан ташқари бошқа катта шаҳарларда ҳам йўл ҳаракатини рақамлаштириш бошланади.

— Яна бир катта янгилик: барча мактаб ва боғчалар олдида тезлик 30 километргача деб белгиланади. Айрим гавжум кўчаларда эса тезлик ҳозирги 70 километр соатдан 60 километргача туширилади.

Бу гаплар кимгадир ёқмаса, демак у бахтли экан; демак у бирор яқинини автоҳалокатда йўқотмаган, ёки ўзи ногирон бўлиб қолмаган. Бундан кейин ҳам бундай бўлмасин. Биз масъуллардан белгиланган чораларни сифатли бажаришларини кутиб қоламиз.

***

Фото: Kun.uz

Бу ҳафта яна қанақа воқеалар бўлди? Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги хусусий шифохонада газ портлаб, 1 киши ҳалок бўлди, 11 киши жароҳатланди. Президент Самарқандга ташрифи вақтида ўнта амалдорни ишдан бўшатди. Боёвут ҳокими туман депутатлик кенгаши раислигидан воз кечди. Ўзбекистон расмийларининг блокланган ижтимоий тармоқларга нисбатан асосий талаби серверларини олиб келиш эмаслиги маълум бўлди. Инвестор “Қизилқумцемент”даги давлат улуши 20 фоиз арзонга сотилганини айтди. Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов “Толибон” ўз ваъдаларини бажариши шартлигини эслатди.

Тезкор, аниқ ва холис янгиликларни Kun.uz'да кузатишда давом этинг. Дам олиш кунингиз мароқли бўлсин!

Мавзуга оид