Аввал йирик шаҳарларда, кейинчалик туманларда ва қишлоқларда шундай савдолар кўп кузатилди. Мақсад оддий ва тушунарли: ташландиқ бинолар ишлатиш истагида бўлганларга бепул берилади, ягона шарти — маълум миқдорда маблағ киритиш ва иш ўринлари яратиш лозим. Лекин қаровсиз ётганида ҳеч кимга керак бўлмаган бинолар тадбиркор эпақага келтирганидан кейин бюрократия объектига айланиб қолиши ва хусусийлаштириб берилмаслиги ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Жиззах вилояти Зарбдор тумани Шодлик маҳалласидаги эски омборхона биноси кўп йиллар давомида эгасини топмай ташландиқ ҳолда ётди. Ниҳоят бинони кимгадир ишлатиш учун бериш ва обод қилиш фикри туғилади ва маълум шартлар асосида «0» қийматда сотувга чиқарилади.

«Golden Key Material» МЧЖ муассиси, 25 ёшли тадбиркор Анвар Бурҳонов харидор бўлиб, бу бинони сотиб олади. Инвестицион мажбурият сифатида бир йил давомида 650 млн сўм миқдорида инвестиция киритиш, мазкур биноларнинг 60 фоизини ишга тушириш ва камида 6 та иш ўрни яратиш юкланади.

Ҳаммаси келишилганидан сўнг Давлат активларини бошқариш агентлиги Жиззах ҳудудий бошқармаси, «Golden Key Material» МЧЖ ва объект жойлашган Зарбдор тумани ҳокимлиги ўртасида 2020 йил 22 октябрида 143-сонли уч томонлама шартнома тузилади.

Анвар Бурҳонов ишга киришади ва бир йил муддат ичида белгиланган жадвалга мувофиқ зарур маблағни киритади, қатор қурилишлар қилади ва ташландиқ жой туппа-тузук ишлаб чиқариш объекти шаклига киради. Харидор «Golden Key Material» МЧЖ негизида бу ерда қурилиш материаллари, жумладан, суюқ гулқоғозлар ва турли бўёқлар ишлаб чиқаришни режалаштирганди.

Суратлардан кўринадики, бинолар ишлаб чиқариш учун мос ҳолатга келтирилган. Чунки қурилиш моллари ишлаб чиқариш учун ҳашамдор ва чиройли иншоотларнинг ҳожати йўқ, одатда чанг бўладиган ва тозаликни сақлаш қийин бўлган жараёнга мана шундай кирчимол бинолар зарур.

Хуллас, йил ҳам якунига етади, Анвар Бурҳонов ўз зиммасидаги масъулиятни бажарган инвестор сифатида объектга тўлақонли эгалик ҳуқуқини расмийлаштириш учун ҳаракат бошлайди. Мана шу нуқтада ёш тадбиркор муаммоларга дуч келди.

«Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят бошқармасига зарур ҳужжатларни топширдим. Лекин Давлат архитектура-қурилиш назорати (ГАСН) ҳудудий инспекцияси инспектори келиб, арзимас муаммоларни кўрсатган ҳолда объектни тайёр эмасга чиқаряпти. Биттаси ҳудуд майдонини шағалбетон ерсувоқ (стяжка) қилиб чиқиш. Ҳолбуки, бу мажбурият шартномада кўрсатилмаган. Иккинчиси — деворларнинг бўялмаганлиги. Чиндан ҳам деворларни бўяганимиз йўқ, чунки умуман ўзи бизнинг ишлаб чиқаришимизга бўялган деворнинг кераги йўқ. Энди чиройли бўлсин дейиладиган бўлса, уни ҳам вақти келиб қиламан. Келажакда нафақат бўяш ишлари, балки ҳудудда қўшимча қурилишлар қилишни ҳам режалаштирганман. Фақат ҳозир кейинги босқичларни қилиш учун эгалик ҳуқуқини қўлга киритишим лозим.