Жаҳон | 15:53 / 14.02.2022
12517
2 дақиқада ўқилади

Хитой Байденнинг Афғонистонга тегишли маблағларни теракт қурбонларига бериш қарорига қарши чиқди

Қайд этилишича, Афғонистоннинг АҚШ банкларидаги музлатиб қўйилган 7 млрд доллар миқдоридаги активларининг ярми террорчилик ҳужумлари қурбонларининг оилаларига компенсация сифатида берилади.

Фото: Reuters

Хитой ҳукумати АҚШ президенти Жо Байденнинг Афғонистоннинг музлатиб қўйилган маблағларини 2001 йилдаги теракт қурбонларига бериш қарорига қаршилик билдиради. Бу ҳақда Хитой ташқи ишлар вазирлиги вакили Ван Вэнбин маълум қилди.

"Биз Америка томонига мурожаат қиламиз ва у хато ҳаракатларини англашини сўраймиз, қисқа муддат ичида Афғонистоннинг Қўшма Штатлардаги маблағлари музлатилишига олиб келган санкцияларни бекор қилишини талаб қиламиз", - деб таъкидлади у.

Ван Вэнбин музлатилган маблағлар афғон фуқароларига тегишли эканини эслатди.

"Бу пулларни Афғонистонга қайтариш керак. Улар афғон халқи фаровонлиги учун ишлатиладиган тарзда", - дея қўшимча қилди у.

Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден Афғонистоннинг Америка банкларидаги 7 млрд долларлик активларини музлатиш тўғрисидаги фармонни имзолагани хабар қилинганди.

Маълум қилинишича, Америка банкларида сақланаётган Афғонистон активлари Нью-Йорк федерал захира банкидаги ягона траст фондига ўтказилади.

Бу маблағларнинг ярми суднинг тегишли қароридан сўнг афғон халқининг гуманитар эҳтиёжлари учун сарфланиши кўзда тутилган.

Қолган 3,5 миллиард доллар эса АҚШда қолади ва террорчилик ҳужумлари, жумладан, 2001 йил 11 сентябрдаги терактлар қурбонларининг оилаларига компенсация сифатида берилади.

Мавзуга оид