Жибутидан Яманга йўл олган кема ағдарилиб кетиши натижасида камида 109 киши ҳалок бўлди, улар орасида 15 нафар бола бор, деб хабар берди Халқаро миграция ташкилоти.
Маълум қилинишича, кема Обок порт шаҳри шимолида ҳалокатга учраган. Унинг бортида 350 нафарга яқин мигрант бўлган, улардан 116 нафари бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.
Ҳалокатда 80 нафардан ортиқ киши омон қолган бўлиб, уларнинг барчаси Эфиопия фуқароларидир. Воқеа 8 октябрдан 9 октябрга ўтар кечаси содир бўлган.
Жибути ҳукумати қидирув-қутқарув ишларини давом эттирмоқда.
Халқаро миграция ташкилоти маълумотларига кўра, 2025 йилда ушбу йўналишда 900дан ортиқ инсон ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган.













