DW хабарига кўра, Шефчович бу ҳақда 9 октябр куни Пекинда Хитой савдо вазири Ван Вэнтао билан икки кунлик музокаралардан сўнг маълум қилган. Учрашувлар Пекин ва Брюссел ўртасидаги савдо кескинлигини юмшатишга қаратилган.

Томонлар дастлабки келишувнинг батафсил шартларини очиқламаган. Бироқ Шефчович унинг натижасида Хитойдан ЕИга бир неча миллион автомобил экспортининг олди олинишини айтган.

Хитой Савдо вазирлиги эса гибрид автомобиллар савдосига оид келишув жадал музокаралар натижасида эришилганини билдирган, деб хабар берган Reuters.

Европа автомобил ишлаб чиқарувчилари ассоциацияси — ACEA раҳбари Сигрид де Врис келишув Хитойнинг Европа бозоридаги иштироки янги босқичга тартибли ўтишига ёрдам бериши мумкинлигини қайд этган. Унинг фикрича, бу барча томонларнинг узоқ муддатли манфаатларига мос келади.

Келишув фақат автомобиллар билан чекланмайди. У Хитойга етказиб бериладиган айрим Европа товарларига божларни пасайтириш ҳамда камёб ер металлари таъминот занжирларини барқарорлаштириш чораларини ҳам қамраб олади.

Шефчовичнинг таъкидлашича, ушбу келишувлар ЕИнинг деярли ҳар бир аъзо давлатига фойда келтиради.

Бироқ келишув ҳали кучга кирмаган. Бунинг учун Европа Иттифоқига аъзо барча 27 давлат раҳбарининг розилиги талаб этилади.

ЕИ 2024 йилда Хитой электромобилларига қўшимча божлар жорий қилган эди. Шундан сўнг хитойлик ишлаб чиқарувчилар Европа бозорига гибрид автомобилларни фаолроқ етказиб бера бошлаган. Хитой Савдо вазирлиги аввалроқ экспорт ҳажмини ихтиёрий чеклашга рози бўлмаган.