Тошкентда 12 февраль – тўйи куни йўқолиб қолган куёв орадан уч кун ўтиб топилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар бермоқда. Йигитнинг қариндошларидан бири ушбу ҳодисага оилавий келишмовчилик сабаб бўлганини маълум қилган.

Аббос Ғуломов. Фото: Facebook / Aqida Hanum

Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани 15-даҳасида яшовчи 25 яшар Аббос Ғуломов 12 февралга режалаштирилган никоҳ тўйи куни эрталаб уйидан чиқиб кетиб, қайтиб келмаган.

“Яқинлар, қариндошлар ҳаммаси “шок”да. Қўлидаги мобил телефонлари ўчиқ. Тўйга барча тайёргарлик кўриб қўйилганди. ИИБга қидирувга ҳам беришган. Четга чиқиб кетмаган. Уйдагилари на тириги, на ўлигини билмаймиз деб куйиб кетишяпти”, дейилади ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда.

“Миллий ТВ” мухбири томонидан ўтказилган суриштирув давомида йигит 12 февраль куни эрталаб сартарошхонага бораман деб чиқиб кетгани, бироқ у ерга бормагани ҳақида сўз боради.

“Аббоснинг синфдоши ҳамда сартароши бўламан. 12 февраль куни эрталаб соат саккизда олдимга келиши керак эди. Уйдан чиқаётганда ҳам кўзимга линза тақаман деб чиққан экан, ҳам сартарошга бораман деб айтган экан”, дейди Ҳикматилла Ҳасанов.

Йигит йўқолгани ҳақида хабарлар тарқалгач айрим интернет фойдаланувчилари бунга унинг уйланишга мажбурлангани сабаб бўлиши мумкинлигини тахмин қилишган. “Миллар” дастури ижодкорлари бу масалага ҳам ойдинлик киритишга ҳаракат қилган.

“Тўй куни куёвнинг йўқолиб қолиши менинг тажрибамда биринчи марта кузатилмоқда. Шу куни куёвимиз ўзлари ёлғиз келдилар. Аслида келин билан келишлари керак эди. Маҳалламизнинг тўполончироқ боласи бўлгани учун вақтли уйланяпсиз, қийинчиликлар бўлмайдими деб сўраганимда: “Йўқ, яхши”, деб жавоб берди. Кўтаринки руҳда эди. У мажбурлаб уйлантирадиган ёки мажбуран турмуш йўлига соладиган бола эмас. Бу йигит отадан, онадан вақтли етим қолди. Улар оламдан ўтгани сабабли бувисининг қўлида катта бўлган”, дейди Аббос Ғуломов яшайдиган маҳалла раиси ўринбосари Гулчеҳра Нишонбоева.