Ўзбекистон | 12:26 / 17.02.2022
10561
2 дақиқада ўқилади

Автотранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказишлар сони кескин кўпайди

Экспертлар автомобилларни рўйхатдан ўтказишлар сонининг кескин даражада ўсишини 2022 йил 1 январдан автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим тўлиқ бекор қилиниши билан изоҳлашмоқда.

Фото: UzAuto Motors

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилларига кўра, 2022 йилнинг январь ойида 113,2 минг дона автотранспорт воситаси давлат рўйхатидан ўтказилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг январига нисбатан 26,4 фоизга, 2020 йилнинг январь ойига нисбатан эса 38,4 фоизга кўп.

Экспертлар автомобилларни рўйхатдан ўтказишлар сонининг кескин даражада ўсишини 2022 йил 1 январдан автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим тўлиқ бекор қилиниши ҳамда олди-сотди шартномасини нотариал расмийлаштириш учун ундириладиган давлат божи БҲМнинг 3 баробари миқдорида белгиланиши билан изоҳлаган.

Январь ойида бирламчи бозордан сотиб олинган автомобиллар сони 27,9 мингтани, иккиламчи бозордан харид қилинган автомобиллар сони эса 85,3 мингтани ташкил қилган.

Янги автотранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказишлар сони Самарқанд (95,6 фоиз), Сурхондарё (89,4 фоиз), Навоий (75,4 фоиз) ва Фарғона (60,5 фоиз) вилоятларида сезиларли даражада ошган бўлса, Тошкент шаҳри (44,7 фоиз) ва Тошкент вилоятида (0,9 фоиз) камайиш кузатилган.

Шунингдек, чет элда ишлаб чиқарилган автомобиллар олди-сотди шартномалари сони 1,9 мингтани ташкил этиб, 2021 йил декабрь ойига нисбатан 41 фоизга камайган.

Иккиламчи бозордан сотиб олинган автотранспорт воситаларининг энг кўп расмийлаштирувлари Тошкент шаҳри (13,6 минг), Самарқанд (9,7 минг), Фарғона (9 минг), Наманган (8,1 минг) ва Андижон (7,2 минг) вилоятларида қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, UzAuto Motors 2021 йил 20 декабридан 2022 йил 1 февралгача бўлган муддатда Cobalt, Spark, Nexia ва Lacetti автомобилларини сотиш бўйича янги аризалар қабул қилишни тўхтатганди. Аммо бу жараён ҳалигача қайта тиклангани йўқ. Бу эса бирламчи бозорда шартномалар сонининг кескин камайиб кетишига сабаб бўлиши мумкин.

Мавзуга оид