Давлат солиқ қўмитаси Вазирлар Маҳкамасининг “Солиқ органлари томонидан давлат органлари маълумотлар базасидан фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида”ги қарори (ID-56743) лойиҳасини ишлаб чиқди.

Савдо-саноат палатаси қарор лойиҳаси юзасидан жамоатчилик экспертизаси хулосасини тақдим этди.

Тадбиркорларга янги жазо тури ўйлаб топилмоқда

Қарор лойиҳасида тадбиркорлик субъектларининг биржа савдоларида ҳамда давлат харидлари бўйича ўтказиладиган электрон савдо ва тендерларда Давлат солиқ қўмитаси томонидан баҳоланган солиқ хавфи даражасидан келиб чиққан ҳолда иштирок этиш ҳуқуқини белгиловчи тартиб ишлаб чиқилиши кўзда тутилмоқда.

Бу тартиб 2022 йил 1 октябрга қадар Молия вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ва “Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси” АЖ билан биргаликда ишлаб чиқилиши белгиланмоқда.

ДСҚ ушбу янги жазолаш тартибини солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган тадбирларнинг давоми дея баҳолаган.

Лойиҳа тушунтириш хатида келтирилишича, бунда солиқ қонунчилигини бузган солиқ тўловчиларга нисбатан жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш ва солиқ тўламаслик хавфи юқори бўлган солиқ тўловчиларнинг биржа савдоларида ҳамда давлат харидлари бўйича ўтказиладиган электрон савдо ва тендерларда ДСҚ томонидан баҳоланган солиқ хавфи даражасидан келиб чиққан ҳолда иштирок этиш ҳуқуқини белгиловчи тартиб ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда.

Савдо-саноат палатасининг позицияси

ССП хулосасига кўра, бундай тартиб жорий этилиши айнан бир ҳуқуқбузарлик учун қайта ва қайта жавобгарликка тортилишга сабаб бўлади.

“Ваҳоланки, амалдаги қонунчиликка кўра, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш учун маъмурий (МЖтК 174-моддасида) ва жиноий (Жиноят кодекси 184-моддасида) жавобгарлик белгиланган.

Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектлари ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолда ҳам солиқ хавфи юқори бўлган тоифага тушиб қолишлари мумкин. Бундай ҳолатларда тадбиркорларнинг ҳуқуқлари асоссиз равишда чекланади.