Бу йил чет тили асосий фани бўлган абитуриентларни кириш имтиҳонларида янгилик кутмоқда. Фанлар мажмуасига чет тили биринчи фан сифатида киритилган:

  • Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети;
  • Самарқанд давлат чет тиллари институти;
  • Тошкент давлат шарқшунослик университети.

Шунингдек:

  • Тошкент давлат педагогика университети;
  • Қўқон давлат педагогика институти;
  • Нукус давлат педагогика институтининг хорижий тиллар бўйича педагогларни тайёрловчи бакалавриат таълим йўналишларида чет тилидан тест эмас, тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ҳамда гапириш компетенцияларини аниқлаш ва баҳолашга қаратилган касбий (ижодий) имтиҳон олинади.

«Хорижий тилларни ўрганишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳукумат қарорига кўра, имтиҳонни ДТМ ўтказади. Чет тилидан миллий (CEFR) ва халқаро даражадаги сертификатларга эга бўлган абитуриентларнинг имтиёзлари сақлаб қолинади.

Кутилмаган янгилик

Бу ҳол чет тили бўйича тайёргарлик кўраётган абитуриентлар учун кутилмаган янгилик бўлди. Сабаби абитуриентларнинг асосий қисми тест кўринишидаги имтиҳон учун тайёргарлик кўришади. Ижодий имтиҳон эса одатий тестлардан фарқ қилади: ўқиш, тинглаб тушуниш, ёзиш ва гапириш кўникмаларини синовдан ўтказади. ОТМларга чет тилидан максимал балл берадиган сертификат билан кирадиганлар эса кўп эмас. Ўтган йилги қабулда ҳужжат топширган 948 минг нафар абитуриентдан 8 079 нафарининг сертификати ДТМ томонидан тасдиқланган ва қабул қилинган эди.

Айни ўтган йилги қабулда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига 16,3 минг, Самарқанд давлат чет тиллари институтига 5,9 минг, Тошкент давлат шарқшунослик университетига 4,9 минг нафар абитуриент ҳужжат топширган.

Яна 3та педагогика ОТМларининг чет тилидан ижодий имтиҳон олинадиган факультетларига ҳужжат топширадиган абитуриентлар сони ҳам қўшилса, анчагина контингент ҳосил бўлади ва улар учун қисқа муддатда ижодий имтиҳонни ташкиллаштириш Давлат тест марказига катта вазифа юклайди. Ижодий имтиҳон ҳақида ҳали кўп нарса аниқ эмас, лекин эълон қилинган янгиликларни борича таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз.