Ўзбекистон | 21:40 / 19.02.2022
62208
15 дақиқада ўқилади

Автосаноатдаги 7та янгилик, ҳокими мутлақ Тошкент ва тўйи куни йўқолган куёв — ҳафта дайжести

Президентнинг UzAuto бўйича топшириқларидан кейин соҳадаги вазият қандай ўзгаради? Жамоатчилик Тошкент шаҳар ҳоким(лиг)ига нимани тушунтиролмаяпти? Коллеж-техникумларда ҳам стипендия тўланадими? Якунланаётган ҳафтанинг шу ва бошқа қайноқ мавзулари – Kun.uz ҳафталигида.

Автосаноатда нима гаплар?

Ҳафтанинг энг муҳим воқеалари UzAuto Motors атрофида рўй берди. Душанба куни президент ҳузурида автомобилсозлик соҳаси бўйича йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда гарчи монополияни тугатиш ҳақида гап кетмаган бўлса ҳам, қатор хушхабарлар янгради. Биз бу борада 7та асосий янгиликни санаб ўтамиз.

Биринчидан, UzAuto Motors автомобиллари учун олдиндан тўлов 85 фоиздан 50 фоизга туширилади. Мазкур йиғилишда берилган бошқа топшириқлар орасида айнан шуниси истеъмолчилар учун энг муҳими десак бўлади.

Иккинчидан, Шавкат Мирзиёев 1 майгача автомобил харидидаги навбатларни тўлиқ бартараф этиш бўйича топшириқ берди. Бу ўринда автосаноат масъуллари бир жиҳатга аниқлик киритиши лозим: агар навбатлар тўлиқ йўқотилса, у ҳолда олдиндан тўловни 50 фоизга туширишга қандай зарурат бор?

Учинчидан, давлат раҳбари автомобилларни кўпроқ ички бозорга йўналтиришни буюрди. Дарҳақиқат, биз аввалги дайжестларимизда ҳам ўзбекистонликлар машинаси чиқишини ярим йиллаб кутаётган пайтда, UzAuto Motors экспортни ошираётганини айтган эдик. Зора энди президент топшириғидан кейин монополист корхона маҳаллий ва чорасиз харидорларга нисбатан беҳурматлигини бироз бўлса-да камайтирса...

Тўртинчи янгилик – Tracker ва Onix ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни шу йилдан кечиктирмаслик вазифаси қўйилди. Бу моделларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш анчадан бери кечикиб келаётганди. Бундан бир йил олдин Onix седанининг нархи 9–12 минг доллар оралиғида бўлиши айтилганди.

Жаҳонда ҳурмати бор автокомпаниялар моделлар қаторини тез-тез янгилаб туради, бизнинг UzAuto қачон охирги марта янги модел чиқарганини эслай оласизми? Асакадаги завод очилган пайтдан буён чиқаётган “Дамас” ҳали ҳам деярли ўзгармаган, ҳатто хавфсизлик ёстиқчаси ҳам йўқ. Жума куни Сенат раиси Танзила Норбоева Ички ишлар вазирлиги берган қизиқ маълумотни эълон қилди: 2021 йилда Ўзбекистонда рўйхатга олинган йўл-транспорт ҳодисаларининг ҳар бештадан биттасида “Дамас” иштирок этган.

Янги моделлар ҳақида гапирганда, UzAuto Motors сотаётган машиналар рўйхатида 2020 йили Traverse, Trailblazer, Equinox ва Tahoe номли қиммат автомобиллар пайдо бўлганини эслаб ўтиш керак. Ишлаб чиқарувчидан олиб сотарга айланган компания нафақат бу машиналар учун импорт божи тўламаяпти, балки у олибсотарлигини бошлаган пайтдан эътиборан қиммат автомобиллар учун божлар оширилган.

Бешинчидан, йиғилишда бир ҳафта муддат ичида автомобил савдосига оид очиқ-ошкора ва инсон омилидан холи тизимни йўлга қўйиш, шу орқали сунъий навбатлар ва коррупциянинг олдини олиш бўйича топшириқ берилди.

Қайд этиш керак, бир неча йил олдин “Uzautosavdo” иловаси ва Telegram-бот шаклидаги навбат тизими йўлга қўйилган эди. Бу тизим шаффоф ишлагани йўқ. Янги топшириқ қандай ижро этилади, буни тугашига бир неча соат қолаётган муҳлат якунида билиб оламиз деб умид қиламиз.

Олтинчидан, импорт автомобиллар учун божхона божи ставкалари 30 фоиздан 15 фоизга пасайтириладиган бўлди. Бу билан нима ўзгаради? Қисқа қилиб айтганда, импорт машиналар нархи тахминан 10 фоизга арзонлашиши мумкинлиги айтиляпти. Ва яна айтишларича, бу ўзгаришдан асосан “иномарка” минадиган бадавлат қатлам манфаат кўради.

Ўзбекистон электромобиллар масаласида Хитойни асосий ҳамкор қилиб танламоқчи / Фото: "Ўзавтосаноат"

Автосаноат бўйича йиғилишдан еттинчи асосий янгилик – электромобиллар ишлаб чиқариш бўйича асосий ҳамкорни танлаб, лойиҳани йил охиригача бошлашга кўрсатма берилди. Орадан уч кун ўтиб, “Ўзавтосаноат” ва Хитойнинг BYD компанияси ўртасида меморандум имзоланди. Томонлар Ўзбекистонда электромобиллар, электробуслар ва уларнинг эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш бўйича музокаралар бошламоқда.

Маълумот учун, ўтган йилнинг 9 ойи якунларига кўра, BYD – ишлаб чиқарган электромобиллари сони бўйича дунё миқёсида Tesla'дан кейин иккинчи ўринни эгаллаган.

Ўзбекистон ҳукумати 2020 йилда “Ўзавтосаноат” корхоналарини фақат электромобил ишлаб чиқаришга ўтказиш бўйича қарор қабул қилган. Бу қарор UzAuto Motors'га тааллуқли эмас деб тахмин қилиш мумкин, чунки компания бир неча юз млн доллар сарфлаб бензинда юрадиган янги моделлар ишлаб чиқаришни ўзлаштиряпти. Бундан ташқари, бир ой олдин имзоланган президент фармонига асосан, 2025 йилгача UzAuto Motors'даги юз фоиз давлат улуши сотилади.

Автомобил импорти учун тўсиқлар UzAuto Motors хусусийлаштирилганидан кейингина тўлиқ бекор қилинишига умид қилиш мумкин. Бироқ шуниси хавотирлики, давлат қарамоғида электромобил заводи очилгач, электромобиллар импорти учун тўсиқлар пайдо бўлиши, бир монополист ўрнини бошқаси эгаллаши мумкинлигини инкор қилиб бўлмайди.

Бу ахир бегона тажриба эмас: масалан, Ангренда шина заводи очилганидан кейин шина импорти учун божлар оширилган эди. Айримлар телефон ва маиший техникалар йиғишни бошлагач, бу маҳсулотларни чегарадан олиб кириш бўйича лимитлар қўйилганди.

Келажакдан бугунга қайтиб гапирадиган бўлсак, 2 ойдан бери тўхтаб турган янги машиналар сотуви қачон тикланиши ҳалигача аниқмас. UzAuto Motors сотувни бошлаши билан автомобиллар нархини ошириши мумкинлигини эслатиб ўтамиз.

Тошкент шаҳридаги ҳоким ва транспорт муаммолари – яна муҳокамалар марказида

Жаҳонгир Ортиқхўжаев Космонавтлар майдонида / Фото: Kun.uz

Якунланаётган ҳафта, автомобиллар мавзусидан ташқари, Тошкент шаҳри ҳокимлигининг хатти-ҳаракатлари юзасидан баҳс-мунозаралар билан ҳам ёдда қолди.

Аввалига ҳокимлик маданий мерос объекти ҳисобланадиган Космонавтлар майдонида тегишли рухсат олмасдан туриб таъмирлаш ишларини бошлади. Шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев эса бу ерда қонун оёқости бўлаётгани ҳақида гап кетаётганини тушунишни истамай, бу ишларни яхши ниятда қилаётганини айтиб, журналист ва блогер билан баҳслашиб кетди.

Биз ҳоким ва қонун қарама-қарши келиб қолган ҳолатда қонун енгилганига яна бир марта гувоҳ бўлдик. Таъмирлаш ишларини олиб бораётган Mimar Group компанияси Маданий мерос агентлигидан огоҳлантириш олганига қарамай, эртасига бу ишларни барибир давом эттираверди. Якунда эса агентликнинг илмий-эксперт кенгаши реконструкция лойиҳасини бир кунда, бир неча соат ичида тасдиқлаб беришга мажбур бўлди.

Муҳокамаларни келтириб чиқарган, блогерларни оёққа турғизган яна бир воқеа – Тошкентдаги Алишер Навоий кўчасида реконструкциянинг бошланиши бўлди. Бу воқеа ҳам шаҳар раҳбарлари халқ томонидан сайланмагани, сайловчиларга мутлақо ҳисобдор эмаслигини яна бир марта кўрсатиб берди. Пойтахтнинг қоқ марказидаги тарихий кўчада бошланган кенг миқёсли реконструкция ҳақида шаҳар аҳолиси бир оғиз ҳам хабардор қилингани йўқ.

Кўчанинг ўртасидаги бетон кўчирила бошлагандан кейин туғилган саволларга жавобан, ҳокимлик нима қилмоқчилигини ниҳоят ошкор қилди. Тақдим этилган реконструкция лойиҳаси эса жамоатчилик фаолларида эътирозлар уйғотди. Бу борада ҳокимликда ўтказилган учрашув, масъуллар лойиҳадаги айрим хатоларни тан олганини айтмаганда, амалда ҳеч нарсани ўзгартиргани йўқ.

Йўлда нечта транспорт юриши эмас, неча киши юриши муҳим.

Биз яна такрорлашни истардикки, шаҳар йўллари аввало пиёдалар ва велосипедчилар учун қулай бўлиши керак. Буни президент ҳам такрор-такрор айтмоқда, Шавкат Мирзиёев тасдиқлаган концепцияда ҳам худди шу қоида алоҳида белгилаб қўйилган. Йўлларни кенгайтириш тирбандликларни камайтирмайди, аксинча, кўпайтиради. Кенг йўлни кесиб ўтиш пиёдалар, айниқса ногиронлиги бор, кекса ва ёш болали аёллар учун хавфли ва ноқулай.

Тирбандликларни камайтириш учун эса янги Америка очиш шарт эмас. Қоида оддий: Шаҳар аввало пиёдалар учун, йўллар эса аввало жамоат транспорти ва велосипедлар учун бўлиши керак. Жамоат транспортини шу даражада қулай қилиш керакки, токи у шаҳарнинг А нуқтасидан Б нуқтасига бориш учун жозибадор вариантга айлансин.

Бу утопия бўлиб эшитилиши мумкин, лекин ўттизта машина олишга пули етадиган бойлар ҳам метро ва автобусда юрадиган, обод, яшил ва тирбандликларсиз шаҳарлар худди шу сайёрада, биз билан бир замонда яшаяпти-ку, нега биз эплолмаслигимиз керак?

Очиғини айтганда, йўллар, тротуарлар, пиёдалар ўтиш жойлари ва жамоат транспортидаги муаммоларни амалдорларнинг ўзлари, ўз танасида ҳис қилиб кўрмагунча, Тошкент биз юқорида таърифлагандек шаҳарга айланишига ишониш қийин. Ёки бошқа бир вариант – шаҳардаги муаммолар ечимлари бўйича ўзининг яхлит дастурига эга, ана шу дастур тарғиботи орқали сайловда ютиб лавозимга келадиган замонавий мэр керак.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев эса на шаҳарни ривожлантириш бўйича ўз дастурига эга, на қарорларини шаҳар аҳолиси билан маслаҳатлашади. Аввалроқ ҳатто бош режани ҳам унчалик муҳим деб ҳисобламаслигини айтганди. Натижа эса ҳозирги ҳолат: Тошкент кейинги 5 йилда, 10 йилда, 40 йилда қанақа бўлиши ҳақида тасаввурлар йўқ. Худди ҳамма қарорлар йўл-йўлакай қабул қилинадигандек.

Ҳокимнинг журналистлар ва блогерлар билан муносабати эса алоҳида мавзу. Бир марта очиқчасига ҳақоратлаган, бошқа сафар ундайлар ватаннинг келажагига ишонмайди деган бўлса, бу ҳафта энди Kun.uz ва Gazeta.uz каби сайтлар “бугун бор, эртага йўқ” бўлиши, унинг учун муҳими одамларнинг фикри эканини айтди. Ҳокимни билмадиг-у, лекин журналист ва блогерлар ўз ишини қиляпти: маданий мерос бўйича қонун борлигини, халқ олдида ҳисобдор эканини ҳокимга эслатяпти холос.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев блогер Никита Макаренко билан баҳс давомида шаҳардаги қайси жойни йўқ қилганини кўрсатиб беришни сўради. Ҳоким ўзини қандай оқлашидан қатъи назар, факт шуки, Тошкентдаги Миллий боғ, Абдулла Қодирий боғи ва Гулшан боғи айнан Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳокимлиги даврида ҳудудининг катта қисмини йўқотди. Ям-яшил Миллий боғда сити қурилиб, улкан кўл буткул қуритилди. Гулшан боғидаги дарахтлар қирғин қилиниб, клиника қурилди. Абдулла Қодирий боғида ҳам янгидан янги бинолар қад ростлаяпти. Шу ҳафта маълум бўлишича, қурувчи компания 60дан ортиқ дарахтни ноқонуний равишда кўчириб ўтказган.

Бундан ташқари, халқнинг мулки бўлган боғлар – Ғафур Ғулом, Бобур ва Абдулла Қодирий боғлари яширин ҳужжатлар билан аллакимларга бериб юборилиши ҳам айнан шу даврда рўй бермадими? Ғафур Ғулом боғининг харобага айлантириб қўйилган ТТЗдаги филиали бўйича нега ҳокимлик ҳалигача изоҳ бермаяпти?

Таълим хабарлари

Бу каби хунук ҳолатлар ҳамон давом этмоқда.

Янги ўқув йилидан бошлаб профессионал таълим муассасаларида ҳам стипендия жорий этилиши мумкин. Шу ҳафта эълон қилинган қарор лойиҳасига асосан, профессионал таълим муассасалари, яъни касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумлар ўзларида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотишдан ва ўзларига тегишли мулкларни ижарага беришдан тушган маблағлардан ўқувчиларга стипендия тўлаш, ўқув қўлланмалар харид қилиш ва ходимлар малакасини ошириш учун фойдаланиши мумкин.

Андижон вилояти Марҳамат туманидаги узрбозлик бўйича масъулларга чора кўрилди. Мактаб директори, туман халқ таълими бўлими мудири ва туман ҳокимининг ўринбосари ишдан олинди. Ҳокимга эса – ҳайфсан. Бошқача бўлиши ҳам мумкинмиди?

Қибрай туманида мактаб ўқувчилари юпун кийимда меҳмон кутишга чиқарилди. Маълум бўлишича, тадбирни мактаб жамоаси эмас, “Олтин мерос” деган жамғарма ташкил қилган. Жамғарма вакиллари Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд кунига бағишланган тадбирни Қибрайдаги 29-мактабда ўтказишга қарор қилган. “Кимдир мактабдан ўқувчи сўраган бўлса, мактабдагилар ҳам ўйлаб ўтирмай ўқувчи ажратиб берган бўлса керак”, деди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азамат Камолов. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ шунақа ҳолатлар Жиззах, Андижон ва Фарғонада ҳам рўй берганди.

Жиззах давлат педагогика институтининг таълим сифатини назорат қилиш бўлими бошлиғи унча-мунча ҳоким ўринбосаридан ҳам ўтиб тушди: у 100 минг доллар олаётганида ушланди. Тергов маълумотига кўра, у деканни лавозимида олиб қолиш учун шунча пул сўраган. Тахлим сифатини назорат қилиш бўлими бир неча ой олдин факултетда текширув ўтказган ва бунинг натижасида гўёки деканни ишдан олишга асос бўлувчи камчилик аниқлангани айтилмоқда.

Тошкентда куёв тўйи куни йўқолиб қолди

12 феврал – тўйи куни йўқолиб қолган куёв орадан уч кун ўтиб топилди. Бунга оилавий келишмовчилик сабаб бўлгани тахмин қилиняпти.

Чилонзор 15-кварталда яшовчи 25 ёшли куёв тўйи куни эрталаб сартарошхонага бораман деб уйидан чиқиб кетган ва қайтиб келмаган. Телефони эса ўчирилган. Оила аъзолари шокка тушиб, уни ички ишларга қидирувга беришган.

Айтишларича, куёвнинг йўқолиб қолиши келин ва куёв ўртасидаги муносабатга боғлиқ эмас. Йигит мажбурлаб уйлантирилган деган тахминлар ҳам рад этилди: маҳалла раисининг ўринбосари уни “тўполончи” ва “мажбурлаб уйлантириладиган бола эмас” деб таърифлади. Маълум бўлишича, йигит отаси ва онасидан эрта етим қолиб, бувисининг қўлида катта бўлган.

14 феврал куни қидирув эълон қилинган йигит 15 феврал куни топилди. Шаҳар ички ишлар бош бошқармаси қидирувда қатнашган барчага миннатдорчилик билдирди.

Якунланаётган ҳафтада Ўзбекистонда яна нималар рўй берди?

Швейцария Гулнора Каримова олиб чиқиб кетган 131 млн долларни қайтаришга рози бўлди, фақат бир шарт билан: бу пуллар тўғри сарфланиши устидан Швейцария ва БМТнинг назорати ўрнатилади.

Гулнора Каримова томонидан хорижга ноқонуний олиб кетилган яна 10 млн доллар маблағ Франциядан Ўзбекистонга қайтарилди, Швейцария эса 131 млн долларни қайтаришга розилик берган, бироқ бу пуллар қандай сарфланиши устидан БМТ билан биргаликда назорат ўрнатишга қарор қилган.

“Асакабанк”нинг Бухоро вилояти филиали собиқ бошқарувчиси ва яна бир мансабдори қидирувга берилди. Улар кредит учун ажратилган маблағдан 503 минг долларни ўзлаштирганликда гумонланяпти. Бу хабарнинг эртасига аҳоли бандлигини таъминлаш учун одамларга 350 минг бош қўй ва эчки тарқатилиши, бунинг учун 100 млн доллар ажратилиши маълум бўлди.

Ўзбекистонда вазирликлар сони яна биттага кўпайди. Туризм ва спорт вазирлиги яна иккига ажратилиб, Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Спортни ривожлантириш вазирлиги тузилди.

Тезкор, аниқ ва холис янгиликларни Kun.uz'да кузатишда давом этинг. Дам олиш кунингиз мароқли ўтсин!

Мавзуга оид