АҚШнинг БМТдаги вакили Путиннинг «империялар оламига» қайтиш истаги ҳақида маълум қилди
Линда Томас-Гринфилд Владимир Путиннинг ДХР ва ЛХРни тан олиш ҳақидаги баёнотида «империялар дунёни бошқарган» даврга қайтиш истаги борлигини пайқади. Бу ҳақда у БМТнинг фавқулодда йиғилишида маълум қилди.
АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Линда Томас-Гринфилд БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилишида замонавий Россия илгари Россия империясининг бир қисми бўлган ҳудудларга даъво қилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
Украина, Франция ва Европа иттифоқи ташаббуси билан чақирилган йиғилиш Россия Донецк ва Луганск халқ республикалари мустақиллигини тан олгани эълон қилинганидан кейин бўлиб ўтди. Сешанбага ўтар кечаси тегишли лойиҳа ратификация қилиш учун давлат думасига тақдим этилди.
Томас-Гринфилд ўз нутқида президент Владимир Путиннинг россияликларга мурожаати ҳақида эслатиб, Москва «Россия империясининг барча ҳудудларига даъвогарлик қилиши» мумкинлигидан огоҳлантирди.
«Гап совет иттифоқидан олдин, 100 йил аввал мавжуд бўлган Россия империяси ҳақида кетяпти. Бу бутун Украинани ўз ичига олади, унга Финландия, Беларус, Грузия, Молдова, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Литва, Латвия ва Эстония кирган. Бу Полша ва Туркиянинг бир қисмини ҳам қамраб олади.
Аслини олганда, Путин дунё Бирлашган миллатлар ташкилоти мавжуд бўлмаган даврга, дунёда империялар ҳукмронлик қилган даврга қайтишини истайди. Бироқ, дунёнинг қолган қисми олдинга ўтиб кетган», дея маълум қилди у.
Аввалроқ, Россия президенти Владимир Путин Донбассдаги вазият борасида россияликларга қилган мурожаати давомида Украинани нафақат қўшни давлат, балки Россия тарихининг бир қисми деб айтганди.
«Яна бир бор таъкидлайман Украина биз учун — шунчаки қўшни мамлакат эмас, у тарихимиз, маданиятимиз, диний маконимизнинг ажралмас қисми, улар бизнинг ўртоқларимиз, яқинларимиз», деди Россия раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, Украина ҳеч қачон ўз давлатчилик анъаналарига эга бўлмаган.
Бундан олдин, Украина президенти Владимир Зеленский Россия президенти Владимир Путиннинг ЛХР ва ДХР мустақиллигини тан олиш ҳақидаги қарори фонида украиналикларга мурожаат қилди.
«Украина Россиянинг сўнгги ҳаракатларини давлат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини бузиш сифатида баҳолайди», деди президент.
Унинг сўзларига кўра, бу қарорлар оқибатлари учун барча жавобгарлик Россия сиёсий раҳбариятига юкланади.
«Биз ўз юртимиздамиз, ҳеч нарсадан, ҳеч кимдан қўрқмаймиз. Биз ҳеч кимдан қарздор эмасмиз, ҳеч кимга ҳеч нарса бермаймиз. Бунга ишончимиз комил, чунки ҳозир 2014 йилнинг феврали эмас, балки 2022 йилнинг феврали. Бошқа давлат, бошқа армия, битта мақсад. Бу - Украинада тинчлик! Украинага шон-шарафлар!» - дея хулоса қилди Зеленский.
Мавзуга оид
18:24
Биринчи зарбада Брянсккача: Украина илк марта ATACMS баллистик ракетаси билан Россия ҳудудига зарба йўллади
18:21
АҚШ ортидан Буюк Британия ҳам Украинага узоқ масофали ракеталардан Россияга зарба йўллашга рухсат берди – ОАВ
15:05
Дума Украинада жанг қилаётганларнинг қарзидан кечиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди
13:31