Жараённи ичкаридан кўрсатиб бериш мақсадида Жиззах вилояти Бахмал туманида жойлашган нақ 200 гектарлик заъфарон плантацияларига йўл олдик. Заъфарон бизнеси мавсумий ҳисобланиб, ҳосилни йиғиб олиш ишлари октябр-ноябр ойларида якунланган, плантацияларда эса пиёзларнинг ривожланиш даври кетяпти.


Ўзбекистон–Италия қўшма корхонасидаги лабораторияда териб олинган ўсимлик гулларининг толалари қадоқланади. 90-100 минг дона заъфарон гулидан 1 кг қуриган гул тумшуқчалари олинади. Плантациянинг ўзида 100 дан ортиқ ишчилар ерни ўт-майсалардан холи қилиш билан банд. Бутун дунёда кимёвий дорилардан қочиш тенденсияси ривожланиб бориши натижасида заъфаронга бўлган талаб ортиб боряпти.




Компания таъсисчиларидан бири Бекзод Маматқулов бизнесга келиши, BMB Trade Group'нинг яралиш тарихи ҳақида ҳикоя қилиб берди.
“Отам ошпаз, онам ўқитувчи бўлган. Ота-боболаримнинг ҳаммаси зиёли инсонлар. Тўғрисини айтаман, бизнесмен бўлиш истагим йўқ эди, болалигимда юрист, прокурор бўламан дердим. Шу соҳада таълим олдим ва бир муддат омбудсман тизимида, давлат идораларида ишладим. Лекин вақт ўтиб, бу тизимдан кетишга тўғри келди. Ишдан кетишимнинг сабабини айта олмайман, бу юрагимда қолган дард. Мана шу дард BMB'ни шу даражага олиб чиқишимга сабаб бўлган.

Бизнесга киришимиз тарихи 2015 йили бошланган. Биринчи, чой бизнеси билан шуғулландик. У даврларда монополия урчиб кетганди. Монополияни синдириш керак эди. Лекин бунинг имкони бўлмаган. Шунинг учун ҳам ишимиз ўхшамади. 2016 йилдан бошлаб Арнасой туманида 500 гектар ер олдик ва мош экиш бизнесини бошладик. 3та таъсисчилар, Бекзод, Мирзамурод ва Ботир (BMB) ушбу лойиҳага 4,5 млрд сўм сарфлаб қўйгандик, лекин соҳани яхши билмаслигимиз сабаб банкрот бўлдик.




















