Kun.uz мухбири бу борада ўзбек зиёлилари фикри билан қизиқди.

Эркин Аъзам, ёзувчи

— Афсус, Россия ва Украина муносабатларидаги энг оғир ва қўрқинчли сценарий юз берди – руслар Украинада уруш бошлади.

Биласиз, бир инсонни ўлдирган киши қотил дейилади. Хўш, Украинага бостириб кириб, юзлаб инсонлар ўлимига сабаб бўлаётганларни ким деб аташ мумкин экан?

Путин Россияси инсоният тарихида босқинчи ва қонхўр сифатида қолади. Владимир Путин шуни истади. У ўз қўшниси, қардош халқи уйига бостириб кирди ва бегуноҳларни ўлдирмоқда.

Бу ерда суверен Украина Европани танлаганди, буни тўғри тушуниш керак эди. Украинлар ўз иродасига кўра, мустақил бўлмоқчи эдилар. Россия ҳукуматидагилар эса буни истамади.

Бу жирканч уруш Россия ва рус халқининг юзини бир умрга кирлантирди.

Фахриёр, шоир

Бу ёлғиз Украина эмас, бутун инсониятга қарши очилган уруш. Путин аслида НАТОдан эмас, ёнидаги оёққа туриб келаётган демократиядан қўрқади, чунки демократия авторитаризмга, бир шахснинг 20 йилдан ошиқ ҳокимиятда қолиб кетишига йўл бермайди.

Афсуски, ишонилган Ғарб ҳам Украинани ёлғиз қолдирди...

Бу уруш ҳаммамизга сабоқ бўлиши керак. Барчасини тўғри ҳисоблай олишимиз, огоҳ бўлишимиз керак. Агар Украина босқинчиларнинг ҳужумига қарши тура олмаса, бошқа ҳеч бир собиқ совет мамлакати уларга қарши тура олмайди. Шунинг учун украин биродарларга неоимпериалистлар билан курашда куч-қувват тилаймиз. 

Биз украин халқи билан биргамиз ва уларга ҳамдардмиз. Бу урушда бизнинг келажагимиз ҳам ҳал бўлади.

Улуғбек Ҳамдам, ёзувчи

— Бу босқин ҳокимиятда ваколатларнинг бир инсонга ҳаддан ортиқ кўп бериб юборилиши ва унинг маразмга дучорлиги оқибати.