08:45 / 28.02.2022
1512

Қорақалпоғистонда 9 бош ёввойи тўнғизни отиб ўлдирган овчилар нега топилмаяпти?

Фото: ekologuz

14 феврал куни Қорақалпоғистонда овчилар 9 бош ёввойи тўнғизни отиб ўлдиргани ҳақида хабар бергандик. Мана орадан 14 кун ўтишига қарамай овчилар ҳалиям топилмади.

Экология бўйича янгиликларни бериб борувчи ekologuz каналида давлат рақами 95 J 020 DA бўлган машина эгалари (овчилар) Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 9 бош ёввойи тўнғизларни овлагани акс этган сурат тарқалди.

Суратда овчиларнинг юзи ҳам аниқ кўрсатилган. Расмга олган шахсни қўшиб ҳисоблаганда 3 нафар овчи 9 бош ёввойи тўнғизларни овлаган бўлиши мумкин.

Ҳолат ҳақида маълумотлар тарқалгандан бир кун ўтиб, 15 феврал куни Қорақалпоғистон Экоқўмитаси расмий муносабат билдирди. Унда айтилишича, ҳолат бўйича ўша вақтда Қорақалпоғистон Республикаси Экология қўмитасининг Назорат инспекцияси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган.

Қорақалпоғистон Экоқўмитаси матбуот хизмати ҳолат тўлиқ ўрганилиб, тўлиқ маълумот берилишини қўшимча қилган.

Вазиятга ойдинлик киритиш учун Kun.uz мухбири Қорақалпоғистон Экоқўмитаси матбуот хизмати билан боғланди. Қўмита матбуот котиби ИИВ ва Йўл хавфсизлик бошқармаси, Овчилар жамиятига хат чиқарилгани, шуларнинг жавоб хатлари асосида тўлиқ маълумот берилишини маълум қилди.

Орадан икки ҳафтадан зиёд вақт ўтган бўлса ҳам овчиларнинг шахси, воқеа қаерда содир бўлгани ҳақида ҳозирча қўшимча расмий маълумотлар берилмаяпти. Шуни таъкидлаш жоиз, ижтимоий тармоқда тарқалган суратда овчиларинг юзи ва улар фойдаланган машина рақами аниқ кўринган. Kun.uz’га маълум бўлишича, овчиларнинг бири ИИБ ходими.

Kun.uz жараённи кузатиб боради ва расмийлардан ҳолат ҳақида батафсил маълумот кутади.

Top