«Лаънат бутун ҳаётингга татийди»

Доктор Жон Стоун Жанубий Нигериядаги Бенин университетида сиёсатшуносликдан дарс беради. У ўн йиллар давомида одам савдоси, интернетдаги фирибгарлик ва қотилликларни амалга оширган «Қора болта»нинг юқори мартабали аъзоси бўлган.

Доктор Жон Стоун «Қора болта» аъзоси бўлганидаги хотираларини кўп эслайди. Уни қон, қурол ёки отишмалар эмас, одамларнинг ёлворишларини хотирлаш кўп қийнайди.

«Бу – жуда оғриқли. Марҳумларнинг оилалари сени лаънатлайди ва бу лаънат бутун ҳаётингга татийди», - дея афсус қилади у.

«Қора болта» маҳаллий тилда cult – калт деб юритилади. Гуруҳ аъзоси эса «Болта одам» – Axeman деб аталади. Бу гуруҳ ўзининг ашаддий зўравонликлари билан ҳам машҳур. Ҳатто гуруҳ аъзоларининг йўлини кесиб ўтиш хавфли бўлган. Чунки бундайлар дуч келиши мумкин бўлган қийноқлар ижтимоий тармоқларда аллақачон тарқалган. 

Доктор Стоун гуруҳ аъзоси бўлган йиллари зўравонликларда қатнашганини тан олади. Ўшанда уни «қассоб» лақаби билан чақиришарди.

Доктор Жон Стоун, «Қора болта»нинг собиқ аъзоси
Фото: BBC

Стоун «Қора болта» аъзоларидан халқаро ОАВга тўда ҳақида маълумот берган биринчи одам бўлди. BBC 2 йиллик суриштируви давомида кўпчилик билан алоқа ўрнатиб, тўданинг ўзаро алоқаларига оид минглаб махфий ҳужжатларни топди. Натижалар «Қора болта»нинг ўтган ўн йилликдаги энг кенг қамровли ва жуда хавфли жиноий гуруҳларга айланганини кўрсатган.

Улар қурбонлар сонини футбол ҳисобидек юритади

Болта одамлар Африка, Европа, Осиё ва Шимолий Америкадаги оддий одамлар орасида ҳам юрибди. Ҳатто электрон почтангизга улардан хат келган бўлиши ҳам мумкин.

BBC «Қора болта»нинг ўн минглаб сирли ҳужжатларини қўлга киритган одамни топишга муваффақ бўлган. Маълумот берувчи асл исмини ошкор қилмай, Уче Тобиаc тахаллусидан фойдаланишни афзал кўрди. У тақдим қилган ҳужжатлар гуруҳ аъзолари деб тахмин қилинган юзлаб одамларнинг шахсий алоқаларига оид. 2009-2019-йиллардаги хабар алмашинувларида қотиллик, дори контрабандаси ва интернетдаги фирибгарликлар ҳақида гап боради. Бу материалларнинг кўпи ваҳшийликлар ҳақида ва уларни нашр этишнинг имкони йўқ.