Ўзбекистон | 07:39 / 10.03.2022
8127
2 дақиқада ўқилади

Кўп қаватли турар жой биноларининг ярим ертўла қисмида яшаш хонадонлари қурилади

Ўзбекистонда кўп қаватли турар жой биноларининг ярим ертўла қисмида яшаш хонадонлари қурилади. АОКАда Қурилиш вазирлиги вакиллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида аҳолини ипотека кредитлари орқали уй-жой билан таъминлаш ва Янги Ўзбекистон массивларини қуриш бўйича президент фармони ижроси юзасидан маълумот тақдим этилди.

Фото: Kun.uz

Қайд этилишича, кўп қаватли турар жойларнинг ертўла қисмини фойдали майдонга айлантириш юзасидан республикада амалда бўлган шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги норматив ҳужжатларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масаласи манфаатдор вазирлик ва идоралар таклифларини инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқилган.

Бош лойиҳа институтлари томонидан 5, 7, 9, 12 ва 16 қаватли турар жой биноларининг ярим ертўла қисмида яшаш хонадонларини жойлаштириш бўйича намунавий лойиҳалар ишлаб чиқилди. Унга мувофиқ, барча турдаги уй-жойлар лойиҳаларида замонавий энергия тежамкор қурилиш материалларидан кенг миқёсда фойдаланиш назарда тутилган. 

Кўп қаватли уй-жойлар қурилишида энергия тежамкор материаллардан фойдаланишни назарда тутувчи "Энергия тежамкор деворбоп тўсувчи конструкциялар. Бинолар қурилишида автоклавли силикатли газобетон конструкцияларини қўллаш" номли давлат стандарти ишлаб чиқилди. Мазкур стандарт Қурилиш вазирлигининг техник кенгашида муҳокамадан ўтказилган.

Қурилиш вазирлиги сайтида уй-жойлар қуриш давлат мақсадли дастурлари доирасидаги уй-жойлар лойиҳалари, улар дислокацияси (жойлашуви), сони, ишлатиладиган қурилиш материаллари, кўп квартирали уй-жойлар қурилиши нархи ва бошқаларни ўз ичига олган электрон маълумотлар базаси яратилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид