Россияда бироз олдинроқ киритилган тақиқ — хорижга валюта маблағларини ўтказишга янги тақиқ қўшилмоқда: 2022 йил 9 сентябрга қадар банк ҳисобварақлари ва омонатларда сақланаётган валюталардан фақат 10 минг АҚШ доллар ечиб олиш мумкин.

Энди хорижий валютанинг мамлакатда эркин муомаласи бас қилинади: чунки банкларда рубл эвазига валюта харид қилиш имконсиз бўлса, одамлар ўзининг валюта жамғармаларини эркин тасарруф эта олишмади.

Боз устига, ҳар қандай хорижий валютада омонат киритилган бўлмасин, ечилаётганда бозор курсига биноан 10 минг АҚШ доллари берилади. Ундан ортиғи Марказий банк томонидан ўрнатиладиган махсус курсда рус рублида қайтарилади.

Омонат ёки маблағ қайтариладиган кундаги бозор курси бир кун аввал савдоларда ташкил этилган битимларда ҳисобланган валюталарнинг ўртача олинган курси ҳақидаги маълумотларга кўра аниқланади.

Ўша 10 минг долларни ҳам дарҳол ечиб олиш имконсиз: мижоз аввал операцияни буюртма қилиши керак ва банкка валюта келтирилгунга қадар кутиши даркор.

Янги валюта ҳисобрақамлари ва омонатлари очиш ҳам мумкин. Лекин унга қўйилган валютадан 10 минг долларлик лимитини олиш барибир муаммо бўлиши мумкин.

Валюта фақат банк бўлимлари кассасида берилиши белгиланган. Онлайн банк хизматлари кўрсатувчи Тинькофф-банк банкоматлардан омонат ечиб олиш мумкинлигини айтиб ўтган.

Банкда лимитдан ортиқ нақд валюта сақлаганлар уни фақат бир усулда тасарруф қилишлари мумкин бўлади: рублга айирбошлаш. Аввалроқ киритилган тақиқларга кўра, мамлакатдан бир турист 10 минг АҚШ долларидан зиёд валюта олиб чиқиб кета олмайди. Хорижга ўтказмалар тақиқланган, хорижда пластик картадан нақд пул ечиб ҳам бўлмайди.

Россия ОАВларида ёритилган маълумотларга кўра, бу чоралар аҳолининг жуда катта қисми учун сезилмас бўлади. Чунки валютада омонат қўйган фуқароларнинг 90 фоизида омонат миқдори 10 минг АҚШ долларидан ошмайди.

Россияда янги валюта чекловлари нимани англатади?

Иқтисодчи эксперт Отабек Бакировнинг ёзишича, энг биринчи оқибат — Россияда валюта қора бозорнинг пайдо бўлиши бўлади. Чунки Россия банкларининг айрибошлаш шохобчалари валюта сотишни тўхтса, уни фақат қўлдан сотиб олиш мумкин бўлади.