Ўзбекистон | 14:53 / 11.03.2022
16128
3 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда ноодатий булутлар манзараси пайдо бўлганига изоҳ берилди

Қашқадарёда тропик мамлакатларда учрайдиган булутлар кузатилган. Бунга Ўзбекистонга жанубдан кириб келган 2та илиқ оқим ва нам ҳавонинг қўшилиши сабаб бўлган.

Қашқадарё табиати учун бундай ноодатийлик – иқлимшунос Эркин Абдулаҳатовнинг тушунтиришича, 9 мартда Ўзбекистонга жанубдан 2та илиқ фронт кириб келиши билан боғлиқ. Иқлим ўзгаргандан кейин жанубдан иссиқ ҳаво оқимлари кириб келиши ва нам ҳаво натижасида булутлар қатламларида оқ фон – тўйинган ҳаво ва қора фон – тўйинмаган ҳаво юзага келиб, ноодатий булутлар манзарасини ҳосил қилган.

“Бизнинг минтақадаги иқлимий шароитдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, март ойининг биринчи 10 кунлигида бундай ҳодиса бўлмаслиги керак эди. Бу булутлар Қашқадарё учун ноодатий, кузатилмаган, лекин тоғларда бўлиб туради. Тоғда яшайдиган аҳоли бунақа турдаги булутларни кўп кузатган”, – деди Абдулаҳатов.

Наманган, Поп тумани, Арашан кичик кўллар ҳудудларида кузатилган мамматус булути

Иқлимшуноснинг айтишича, фанда мамматус деган булут тури бор. Улар ўзидан 100-150 километр радиусда жуда ҳам кучли табиат ҳодисалари бўлаётганидан дарак беради. Худди шундай Деҳқонободдаги чақмоқ вақтида ҳам мамматус булутлари Навоийда пайдо бўлгани қайд этилган. Бундан ташқари, 2020 йил май ойида Наманган вилоятининг Поп тумани Арашан кичик кўллар ҳудудларида ҳам бундай ҳодиса кузатилган.

Наманган, Поп тумани, Арашан кичик кўллар ҳудудларида кузатилган мамматус булути

“Мамматус булутлар, асосан, тропик кенгликларда баҳор-ёз ойларида кузатилиб, улар ўзидан кейин ёки ўша пайт яқинроқ ҳудудларда ўта кучли шамоллар бўлаётганини англатиши мумкин.

Наманган, Поп тумани, Арашан кичик кўллар ҳудудларида кузатилган мамматус булути

Арашандаги мамматус булути Наманган вилоятининг Чуст туманида ўта кучли шамол бўлаётгани белгиси сифатида намоён бўлган. Чунки ўша куни Чуст тумани айрим ҳудудларида дарахтлар ноодатий шамол кучи таъсирида илдизи билан қўпорилиб тушган”, – деди Гидрометерология маркази мутахассиси.

Эслатиб ўтамиз, 9-март куни Қашқадарёнинг Деҳқонобод туманида 3 кишини яшин уриб, 1 нафари ҳалок бўлганди.

Зуҳра Абдуҳалимова
Муаллиф Зуҳра Абдуҳалимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид