Зеленский уруш бошидан буён 1300 нафарга яқин украин ҳарбийси ҳалок бўлганини маълум қилди
Украина президенти Владимир Зеленский уруш бошланган 24 февралдан 12 мартга қадар Украина ҳарбийларидан 1300 нафарга яқини қурбон бўлганини маълум қилди.
«Биздан 1300 нафар атрофидаги ҳарбий ҳалок бўлди, Россиядан эса — 12 мингдан ортиқ. Ўнга бир», — деган Зеленский.
У шунингдек, россиялик ҳарбийларнинг 500-600 нафари асирга тушганини маълум қилган.
Украина ҳукумати ҳар кунги ахборотида россиялик ҳарбийларнинг йўқотишлари ҳақида хабар бермоқда (сўнгги хабарда Россия армияси 12 мингдан ортиқ киши йўқотгани айтилган - бу катта эҳтимол билан ҳалок бўлганлар ва яраланганларнинг жами сони), аммо урушнинг илк кунидан кейин ўз йўқотишлари сонини очиқламаётганди. Президент урушнинг биринчи кунида 137 нафар украиналик ҳалок бўлганини маълум қилганди.
Россия урушнинг дастлабки кунларида йўқотишлар йўқлигини таъкидлаб келди, фақат 2 март куни илк марта ўз йўқотишлари ҳақида маълумот бериб, Украинада россиялик ҳарбийларнинг 498 нафари ҳалок бўлиб, мингдан ортиқ киши яралангани, украиналикларнинг йўқотишлари — 2,8 минг киши эканини маълум қилганди.
Ғарб экспертлари эса россиялик ҳарбийлар орасидаги йўқотишлар 6 минг атрофида эканини маълум қилган.
БМТ маълумотига кўра, 24 февралдан буён Украинада тинч аҳоли вакилларидан 500 нафардан ортиқ киши ҳалок бўлган.