Қайд этиш керак, Россия Федерацияси авиакомпанияларининг аксарият самолётлари Бермуд оролларида рўйхатдан ўтказилган. Россия авиакомпанияларидаги аксарият Boeing, Airbus ва Bombardier самолётларининг рақами Бермуд оролларига тегишли VP-B ва VQ-B коди билан бошланади.

Бермуд ороллари фуқаролик авиацияси бошқармаси баёнотига кўра, Россияга қарши жорий этилган санкциялар РФ авиация ҳукуматининг самолётлар хавфсизлигини таъминлаш қобилиятига салбий таъсир ўтказади. Бермуд ороллари реестрида бўлган (VP-B ва VQ-B коди билан бошланадиган) ҳаво кемалари энди парвоз учун яроқли ҳисобланмайди.
Негалигини бироз тушунтиришга ҳаракат қиламиз.
Айни пайтда хорижда — Бермуд ороллари ва Ирландияда Россия авиакомпаниялари томонидан фойдаланилаётган 800 дан ортиқ хорижда ишлаб чиқарилган самолётлар қайддан ўтказилган. Россиянинг ўзида рўйхатдан ўтказилган хорижда ишлаб чиқарилган самолётлар сони 20 та.

Бу усулдан жуда кўп давлатлар фойдаланади. Масалан, Қозоғистоннинг Air Astana ва Fly Arystan авиакомпаниялари самолётлари Арубада рўйхатга олинган P4 коди билан бошланувчи ёки Ирландиянинг EI кодига эга самолётлардан фойдаланади. Қозоқ авиакомпанияларининг Россияга парвозларни бас қилишининг сабабини ҳам шу ердан ахтариш керак.

Қозоғистоннинг коди UP ҳарфлари билан бошланади ва фақат Qazaq air авиакомпанияси барча самолётларни ўзларида рўйхатдан ўтказган.

Таққослаш учун: Ўзбекистоннинг Uzbekistan Airways ва Qanot Sharq авиакомпаниялари Ўзбекистоннинг ўзида рўйхатга олинган ва UK кодига эга самолётлардан фойдаланади.

Россиялик олигархлар ўзларига тегишли бизнес жетларни Мэн оролида рўйхатдан ўтказишган. Олигарх Алишер Усмоновга тегишли A-340 Bourkhan самолёти ҳам Мэн оролида рўйхатга олинган ва M-IABU кодига эга.

















