Naked Science нашрининг ёзишича, янги самолёт аввал эълон қилинган ES-30 лойиҳаси ўрнини эгаллаган.
JSX 2023 йилда Heart Aerospace билан самолётлар харид қилиш нияти тўғрисида ҳужжат имзолаган бўлса, энди келишувнинг бир қисми қатъий буюртмага айланган. Авиакомпания етказиб бериш навбатида ҳам устувор ўринларга эга бўлади.
Кичик аэропортлар ўртасида парвозлар
JSX янги самолётдан анъанавий йирик авиалайнерлар хизмат кўрсатмайдиган кичик аэропортлар ўртасида тўғридан тўғри қатновларни ривожлантириш учун фойдаланмоқчи.
Компаниялар йўловчи салонини жойлаштириш, қувватлаш инфратузилмаси, ерда хизмат кўрсатиш, йўналишларни режалаштириш ва самолётни навбатдаги парвозга тайёрлаш жараёнларини биргаликда ишлаб чиқишни режалаштирган.
Электрда 200 километр парвоз
ES-30 тўртта двигателли қилиб лойиҳалаштирилган эди. ES-36 эса иккита кетма-кет гибрид куч қурилмасига эга бўлади. Уларнинг ҳар бирида ҳаво винтини бевосита айлантирадиган 1,65 мегаватт қувватли электр двигатели мавжуд.
Электр двигателлари энергияни аккумуляторлардан олади. Парвоз масофасини узайтириш учун алоҳида газ турбинали генераторлар кўзда тутилган. Бу қисқа йўналишларда электр қувватидан фойдаланиш, узоқроқ парвозларда эса генераторларни ишга тушириш имконини беради.
Ҳисоб-китобларга кўра, зарур энергия захираси инобатга олинганда, самолёт тўлиқ электр режимида 200 километргача уча олади. Гибрид режимда эса парвоз масофаси 1 200 километрга етади.
Сиғим оширилди, харажатлар камайиши кутилмоқда
Heart Aerospace маълумотига кўра, ES-36 учун ES-30 лойиҳасида белгиланган максимал учиш массаси ва аккумулятор сиғими сақлаб қолинган. Шунга қарамай, йўловчилар сони олтитага — 36 ўринга, фойдали юк кўтариш имконияти эса 640 килограммга оширилган.
Самолёт қанотларининг қулочи 29 метрни ташкил этади. Ишлаб чиқувчининг ҳисобича, ES-36 эксплуатация харажатлари аввалги авлод анъанавий минтақавий самолётларига нисбатан камида 40 фоиз кам бўлади.
Компания ES-36ʼнинг илк парвозини 2028 йилнинг иккинчи ярмида амалга оширишни режалаштирмоқда. Тижорий фойдаланишни эса 2031 йилда бошлаш кутилмоқда.

















