Ўзбекистон Марказий банки асосий ставкани 3 фоиз бандга ошириб, йиллик 17 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилди. Охирги марта асосий ставка 2018 йилнинг сентябрь ойида кўтарилган эди. Ундан кейин 2020 йил давомида икки марта туширилди.

Марказий банк баёнотида қайд этилишича, ташқи иқтисодий шароитларда юзага келган юқори ноаниқлик ва кескинликлар фонида девалвацион ва инфляцион кутилмалар ўсишининг олдини олиш, миллий валютада жамғариш фаоллигини сақлаб қолиш ҳамда ташқи хатарларнинг иқтисодиётимизга ўтувчи таъсирини юмшатиш орқали мамлакатдаги макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни таъминлаш мақсадида асосий ставка оширилган.

Асосий ставка нима?

Марказий банк асосий ставкаси – инфляцион таргетлаш режими доирасида пул-кредит сиёсатини юритишнинг асосий инструменти бўлиб, Марказий банкнинг тижорат банклари билан амалга оширадиган пул-кредит операциялари бўйича мўлжал фоиз ставкаси ҳисобланади. Ушбу ставкани ўзгартириш орқали Марказий банк иқтисодиётда нархлар барқарорлигини таъминлаш учун зарур бўлган пул-кредит шароитларини белгилаб боради.

Асосий ставканинг вазифаси қуйидагилардан иборат:

  • мамлакатдаги инфляцияни секинлаштириш ёки қисман тўхтатиб туриш;
  • банкларнинг тадбиркорлар ва фуқароларга бериладиган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг энг кам даражасини белгилаш;
  • Марказий банкнинг банкларга уларнинг қисқа муддатли ликвидлигини қўллаб-қувватлаш учун бериладиган қайта молиялаштириш кредити қийматини аниқлаш;

Содда қилиб тушунтириладиган бўлса, Марказий банк белгиланган асосий ставкадан келиб чиқиб, тижорат банкларига кредит беради. Ўз навбатида тижорат банклари олинган пулга ўз фоизини қўшиб жисмоний ва юридик шахсларга кредит ёки қарз кўринишида қайта тарқатади. Асосий ставканинг ошиши ўз навбатида тижорат банклари томонидан фуқароларга тақдим қилинадиган кредитлар фоизларининг ҳам ошишига таъсир ўтказади.

Асосий ставка даражаси Марказий банк бошқаруви мажлисларида пул-кредит сиёсати шароитлари, жорий ва кутилаётган инфляция даражаси ҳамда макроиқтисодий ҳолатни инобатга олган ҳолда белгиланади. Одатда, агар инфляция даражаси кўтарилса, Марказий банк ҳам асосий ставкани кўтаради. Агар инфляция даражаси пасайса, бунда Марказий банк асосий ставкани пасайтиради.